Могилёвда Ўзбекистон фахрий консулининг офиси очилди
Беларуснинг Могилёв шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Беларусь Республикасидаги Минск шаҳри ва Могилёв вилояти бўйича фахрий консули офисининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистоннинг Беларусдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Нуриддин Мамажонов иштирок этиб, «Серволюкс» компаниялар гуруҳи Директорлар кенгаши раиси Евгений Баскинга фахрий консуллик патентини топширди.

Ўзбекистон элчиси йирик ишлаб чиқариш компанияси раҳбарининг фахрий консули этиб тайинланиши Беларусь ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни, жумладан, савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Могилёв вилояти ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари Елена Прудникова-Кирпичёнок икки томонлама ҳамкорликнинг ижобий суръатларда ривожланаётганини тасдиқловчи маълумотларни келтирди.
Хусусан, сўнгги беш йилда Могилёв вилоятининг Ўзбекистон билан ташқи савдо ҳажми 2,6 баробарга, экспорт 2,5 баробарга, импорт эса 2,9 баробарга ошган.
– Фақат 2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида Могилёв вилоятининг Ўзбекистон билан ташқи савдо айланмаси 30 миллион АҚШ долларидан ошиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 33,4 фоизга ўсди. Экспорт ҳажми 38,1 фоизга, импорт эса 10,4 фоизга кўпайди, – деди Елена Прудникова-Кирпичёнок.

Унинг таъкидлашича, экспортнинг асосий қисмини узунасига арраланган ёғоч материаллари, қуюлтирилган ва қуруқ сут ҳамда қаймоқ, турли ёғоч буюмлар, мол гўшти, ёғоч-қириндили плиталар, пишлоқ ва творог ташкил этган.
Импорт таркибида эса тўқимачилик маҳсулотларидан тайёрланган спорт костюмлари, пахта толаси мавжуд бўлган ип-калава, узум, синтетик комплекс иплар ҳамда синтетик толалардан тайёрланган ип-калавалар асосий ўринни эгаллаган.
Агросаноат мажмуаси, машинасозлик, ёғочни қайта ишлаш ва саноат маҳсулотларини қайта ишлаш соҳалари ривожланган Могилёв вилояти учун Ўзбекистон истиқболли бозор ва ишончли ҳамкор ҳисобланади.

Ўзбекистонда аллақачон йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган «Серволюкс» компаниялар гуруҳи раҳбарининг фахрий консул этиб тайинланиши икки томонлама ҳамкорлик аниқ иқтисодий асосларга таяниб, реал ишлаб чиқариш қувватлари, инвестициялар ва ўзаро савдо алоқалари орқали янада ривожланишидан далолат беради.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА