Халқ мурожаатларига бефарқ раҳбарлар огоҳлантирилди
Сирдарё вилояти ҳокимлигида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов раислигида Президентнинг Халқ қабулхоналари орқали келиб тушаётган аҳоли мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигига бағишланган танқидий-таҳлилий йиғилиш бўлиб ўтди. Унда туман ва шаҳар ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари, шунингдек, тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда аҳоли мурожаатларини ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш, шахсий ҳамда сайёр қабулларни самарали ташкил этиш, мурожаатларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш ва такрорий мурожаатлар сонини камайтириш масалалари атрофлича таҳлил қилинди.
Таъкидланганидек, кейинги вақтларда айрим соҳаларда мурожаатлар билан ишлаш тизимида ижобий ўзгаришлар кузатилаётган бўлса-да, баъзи ҳудудларда бу борадаги камчиликлар ҳалигача бартараф этилмаган.

Муҳокама давомида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов айрим раҳбарларнинг аҳоли мурожаатларига бефарқ муносабатда бўлаётганини кескин танқид қилди.
— Халқ қабулхоналари фаолиятини ҳар ҳафта муҳокама қилиб келяпмиз. Умуман олганда, айрим ташкилотларда вазият яхшиланмоқда. Аммо баъзи раҳбарлар ҳали ҳам тегишли хулоса чиқармаган. Июнь ойида Боёвут, Оқолтин, Сардоба, Сирдарё, Ховос туманлари ҳамда Янгиер шаҳри ҳокимлари ўринбосарлари томонидан 14 та шахсий қабул асоссиз равишда ўтказилмаган. Бунинг оқибатида 8 нафар масъул интизомий жавобгарликка тортилди, яна 6 нафарининг иши судда кўриб чиқилмоқда. Бу барча раҳбарлар учун жиддий хулоса бўлиши керак, — деди вилоят ҳокими.
Йиғилишда ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, унинг дарди ва муаммоси тургани алоҳида таъкидланди. Шу боис мурожаатларга расмиятчилик нуқтаи назаридан эмас, балки уларнинг асл сабабларини бартараф этиш ва амалий ечим топиш тамойили асосида ёндашиш зарурлиги қайд этилди.

Таҳлиллар якунлари бўйича аҳоли мурожаатлари билан ишлашда йўл қўйилган камчиликлар танқидий баҳоланди. Масъулиятсизликка йўл қўйган айрим раҳбарлар яна бир бор огоҳлантирилди. Шунингдек, масъулларга шахсий ва сайёр қабуллар самарадорлигини ошириш, мурожаатлар ижросини қатъий назоратга олиш ҳамда такрорий мурожаатларга сабаб бўлаётган омилларни бартараф этиш юзасидан аниқ вазифалар юклатилди.

Йиғилишда энг асосий мезон сифатида халқ дарди билан яшаш, фуқаролар мурожаатини ўз вақтида эшитиш ва уларнинг муаммоларига амалий ечим топиш ҳар бир давлат хизматчисининг устувор вазифаси экани алоҳида таъкидланди. Шу билан бирга, мурожаатларга лоқайд муносабатда бўлган, вазифасини виждонан бажармаган раҳбарларга нисбатан қонун доирасида муросасиз чоралар кўрилиши қатъий қайд этилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири