Халқ мурожаатлари ҳал этилмоқда
Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизими — давлат идоралари фаолиятининг энг муҳим мезонларидан бири ҳисобланади. Янги Ўзбекистонда инсон қадрини юксалтириш, аҳоли дарду ташвишларини ўз вақтида эшитиш ва уларга қонуний ечим топиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Президент ташаббуси билан ташкил этилган Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхона бугун халқ билан давлат ўртасидаги ишончли мулоқот кўпригига айланиб, ҳар бир мурожаат ортидаги инсон тақдирига алоҳида эътибор қаратилаётганини намоён этмоқда.
Ана шу эзгу мақсадлар ижросини таъминлаш, жойларда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини баҳолаш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида Президент Халқ қабулхонаси томонидан ҳудудларда мунтазам мониторинг ва ўрганишлар ўтказилмоқда. Бу галги ўрганишлар манзили Бухоро вилояти бўлди.
Президент Халқ қабулхонаси жамоаси дастлаб Ромитан ва Бухоро туманларида бўлиб, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизими чуқур таҳлил қилинди. Хусусан, ҳудудларда ташкил этилган штаблар фаолияти, мурожаатларда кўтарилаётган тизимли муаммоларни аниқлаш, уларни таҳлил қилиш ва бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Шунингдек, штаблар фаолиятига атрофлича баҳо берилди.

Ўрганишлар давомида ҳар икки туманда сайёр ва шахсий қабуллар мунтазам ташкил этилаётгани, аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш амалиёти йўлга қўйилгани эътироф этилди. Президент Халқ қабулхонаси раҳбарияти томонидан эса мурожаатларга янада масъулият билан ёндашиш, фуқароларнинг муаммоларини улар яшаб турган ҳудуднинг ўзида ҳал этиш, ҳар бир мурожаатни чуқур ўрганиб, аниқ натижага эришиш бўйича тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Шунингдек, Бухоро туманида Президент Халқ қабулхонаси бошлиғи қабулига кириш истагини билдирган фуқаролар билан учрашувлар ўтказилиб, уларнинг мурожаатлари тингланди ҳамда кўтарилган масалаларнинг қонуний ечими юзасидан мутасаддиларга аниқ вазифалар юклатилди.

Шу куни Бухоро вилоятида Президент Халқ қабулхонаси томонидан 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига бағишланган йиғилиш ҳам ўтказилди. Унда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ҳолати ҳар томонлама таҳлил қилиниб, амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.
Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг январь-июнь ойларида Бухоро вилояти аҳолисидан Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналарига жами 21,6 мингта мурожаат келиб тушган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 фоизга камайгани қайд этилди. Бу эса жойларда кўплаб муаммоларнинг мурожаатга айланмасдан туриб ҳал этилаётгани, профилактик ёндашув ва манзилли ишлаш самараси тобора ортиб бораётганидан далолат беради.

Йиғилишда туман ва шаҳарларда мурожаатлар билан ишлаш ҳолати танқидий-таҳлилий руҳда кўриб чиқилди. Сайёр ва шахсий қабулларни тизимли ташкил этиш бўйича ижобий тажрибалар эътироф этилди, айрим йўналишларда йўл қўйилган камчиликлар юзасидан тегишли хулосалар чиқарилди. Барча ҳокимлар, ҳудудий давлат идоралари ва ташкилотлари раҳбарларига аҳоли мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш, уларни қонуний ва адолатли ҳал этиш, масъулиятни янада кучайтириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири