Халқ ишончи – юксак масъулият
Депутатлик – халқ ишончини оқлаш, сайловчилар манфаатини ҳимоя қилиш ва уларни қийнаётган муаммоларга ечим топиш масъулияти. Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати Нилуфар Жаъфарова ҳам ўз депутатлик фаолиятида бу масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда, аҳолининг ҳар бир мурожаатига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Жорий йилнинг ўзида депутат томонидан сайловчилар мурожаатлари асосида ҳокимликлар ва мутасадди идораларга ўндан ортиқ депутатлик сўрови йўлланиб, уларда кўтарилган масалалар ижобий ҳал этилишига эришилди.
Жумладан, Камонгарон маҳалласида яшовчи М.Мақсадовнинг мурожаати асосида Ургут туман ҳокимлигига йўлланган депутатлик сўровида кўп қаватли уйнинг умумий фойдаланишдаги ертўла қисмидан тадбиркор ноқонуний равишда фойдаланиб келаётгани ва бу аҳоли учун ноқулайликлар туғдираётгани қайд этилиб, масалани ижобий ҳал этиш сўралган.

– Сўров асосида масала ўрганилиб, кўп қаватли уйнинг ертўласи тадбиркордан олиб қўйилиб, шу уйда яшовчиларнинг умумий фойдаланиши учун қайтариб берилди, – дейди депутат Нилуфар Жаъфарова. – Бу оддий бир масаланинг ечими эмас, балки аҳоли ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасидаги амалий натижа бўлди. Шу йилнинг февраль ойида Самарқанд вилоят автомобиль йўллари бош бошқармасига юборилган депутатлик сўровимда Ургут тумани марказий шифохонасига асосий кириб-чиқиш йўлининг Навбоғ маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 1,5 километр қисми таъмирталаб ҳолатга келиб қолгани сабабли йўлни таъмирлашни сўрагандим. Сўровдан кейин мутасаддилар келиб, масалани ўрганди ва йўл таъмирланди.

Депутат ўз сайлов округидаги маҳаллаларда сайёр қабуллар, фуқаролар билан учрашувлар ўтказиш орқали ҳам аҳоли мурожаатларини тинглаб, муаммоларни ҳал этишга кўмаклашмоқда. Масалан, Навбоғ маҳалласида ўтказилган сайёр қабулда шу ҳудудда фаолият кўрсатаётган тадбиркор биноси олдидаги симёғочни бошқа жойга кўчиришда муаммоларга дуч келаётгани, тегишли ташкилотлар бунга эътиборсиз қараётганини қайд этиб, депутатдан ёрдам сўради. Бу масала ҳам депутат аралашуви билан ижобий ҳал этилди.
– Халқ ишончи – юксак масъулият, – дейди Н.Жаъфарова. – Буни ҳар куни, ҳар лаҳзада ҳис қилиб, ишлашга ҳаракат қиламан. Чунки вакиллик органига сайланган беш йиллик вақт кўз очиб-юмгунча ўтиб кетади, қачонки бу даврда сайловчилар билан яқин бўлиб, уларнинг чинакам вакилига айлана олсангизгина улар билдирган ишончни оқлаган бўласиз.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири