Бухорога "Президент совғаси" етиб келди
Бухорога 1-синф ўқувчилари учун байрамона туҳфа — “Президент совғаси” етиб келди.
Болалик инсон умрининг энг беғубор, энг унутилмас фасли. Айниқса, мактаб остонасига илк бор қадам қўяётган бола учун янги ўқув йилининг илк куни оддий сана эмас. Бу — унинг ҳаётидаги янги саҳифа, билим ва кашфиётлар оламига бошланадиган катта сафарнинг биринчи куни.
Янги ўқув йили арафасида Бухоро вилоятида ана шу қувончли кунга тайёргарлик ишлари қизғин давом этмоқда. Ҳудуддаги минглаб оилалар фарзандининг қўлидан етаклаб, уни мактаб остонасига олиб келадиган ҳаяжонли кунни кутмоқда. Эътиборлиси, бу йил Бухоро вилоятидаги 540 та умумтаълим мактабининг 1-синфига 40 минг нафарга яқин ўқувчини қабул қилиш кўзда тутилган. Бу рақам шунчаки статистика эмас. У — 40 мингта янги орзу, 40 мингта катта умид, 40 мингта оиланинг фарзанди камолини кўриш йўлидаги эзгу ниятидир.
Ўзбекистонда ёш авлод таълими ва тарбиясига, айниқса, мактаб остонасига илк қадам қўяётган болаларга алоҳида эътибор қаратиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланган. Давлат раҳбари ташаббуси билан йиллар давомида шаклланган эзгу анъанага мувофиқ, янги ўқув йилида ҳам 1-синфга қабул қилинаётган ўқувчилар учун “Президент совғаси” тайёрланди.
Жорий ўқув йили муносабати билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Бухоро вилоятига 40 минг дона “Президент совғаси” етказиб берилди. Айни пайтда совғаларни жойларга манзилли ва ўз вақтида етказиш жараёни давом этмоқда. “Таъминот ва логистика” МЧЖнинг вилоят филиали томонидан қутилар ҳудудлардаги таълим муассасаларига босқичма-босқич етказиб берилмоқда. Демак, тез орада Бухоронинг энг чекка ҳудудларидаги мактабларда ҳам бир хил манзара — янги формадаги, кўзларида ҳаяжон ва қувонч порлаган болажонлар қўлида “Президент совғаси”ни кўриш мумкин бўлади. Бир қарашда оддий совға бўлиб кўринган ушбу қутиларнинг маъноси аслида жуда теран. Унда давлатнинг болага, унинг таълими ва келажагига бўлган эътибори мужассам. Зеро, мактабга илк қадам қўяётган бола бугун алифбони ўрганса, эртага китоб мутолаа қилади, кейинчалик илм-фан сирларини эгаллайди. Кимдир шифокор, кимдир муҳандис, кимдир ўқитувчи, тадбиркор, олим ёки Ватан равнақига хизмат қиладиган бошқа касб эгаси бўлади. Бугунги эътибор ва ғамхўрлик ана шу буюк келажакнинг пойдевори ҳисобланади. Шу боис давлат раҳбарининг таълим соҳасига, болалар тарбияси ва улар учун муносиб шароит яратишга қаратилган ташаббуслари замирида улкан мақсад — Янги Ўзбекистоннинг билимли, ватанпарвар, замонавий фикрлайдиган ва рақобатбардош авлодини тарбиялаш ғояси мужассам.
Янги ўқув йили остонасида Бухоронинг 40 минг нафар биринчи синф ўқувчиси учун қўнғироқлар жаранглайди. Улар учун янги дафтарлар очилади, илк ҳарфлар ёзилади, биринчи устоз билан танишилади ва ҳаётнинг энг гўзал саҳифаларидан бири бошланади. Яқинда қўлларига совға тутадиган бу болажонлар — эртанги куннинг бунёдкорларидир. Уларнинг ҳар бирида Янги Ўзбекистоннинг келажаги ёрқин келажагидир. Шу маънода, “Президент совғаси” — болаларга берилган туҳфагина эмас. У — илмга, орзуга, эзгу мақсадларга ва ёруғ келажакка берилган ишончнинг рамзидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири