Халқ билан очиқ мулоқот муаммоларга амалий ечим
Нурафшон шаҳрида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент вилоятидаги Халқ қабулхонаси биносида вилоят ҳокими Зойир Мирзаевнинг навбатдаги кенгайтирилган қабули бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокими ўринбосарлари, туман ва шаҳар ҳокимлари, бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, банк ҳамда молия муассасалари масъуллари иштирок этиб, фуқароларнинг мурожаатларини бевосита ҳамда видео-конференс-алоқа орқали тинглади.
Очиқ мулоқот давомида 200 нафарга яқин фуқаронинг мурожаати кўриб чиқилди. Мурожаатларда асосан уй-жой, ер муносабатлари, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва кенгайтириш, электр энергияси таъминоти, йўл инфратузилмаси, ижтимоий ҳимоя ва бошқа долзарб масалалар кўтарилди. Қабул жараёнида 30 дан ортиқ мурожаатчининг масаласи жойида ҳал этилди.

Қўшимча ўрганишни талаб этадиган мурожаатлар юзасидан масъуллар ва ишчи гуруҳларга аниқ вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, муаммоларни жойига чиққан ҳолда ўрганиш, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва мавжуд тўсиқларни аниқлаш, зарур чора-тадбирларни белгилаш ҳамда натижаси бўйича ахборот тақдим этиш топширилди.
Мулоқот давомида ҳар бир мурожаатни фақат расмий тартибда кўриб чиқиш билан чекланиб қолмасдан, унинг туб сабабларини бартараф этиш ва натижага йўналтирилган аниқ ечим ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, берилган топшириқларнинг ижросини назорат қилиш, уларнинг қоғозда қолиб кетишига йўл қўймаслик ва ҳар бир фуқаронинг мурожаати якуний натижа билан таъминланишини таъминлаш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Зеро, халқ билан очиқ ва бевосита мулоқот — аҳоли муаммоларини аниқлашнинг муҳим воситасигина эмас, балки уларга амалий ечим топиш, фуқароларнинг давлат идораларига ишончини мустаҳкамлаш ҳамда ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни манзилли ҳал этишнинг самарали механизми ҳисобланади.
А.Мусаев,ЎзА