Халқ билан мулоқот — халқчил сиёсат самараси
Жойларда мутасаддилар ва халқ вакилларининг аҳоли билан учрашувлари, ҳудудлардаги ўрганишлари одамларни ўйлантираётган муаммоларни ўрганиш ва ҳал этишда муҳим ўрин тутади.
Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳам ҳар ойда ўз сайлов округларида бўлиб, аҳоли вакиллари билан мулоқот қилиш амалиёти самарали йўлга қўйилган.
Қонунчилик палатаси депутатлари айни кунларда ҳам ўзи сайланган округларда бўлиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилишмоқда, учрашувлар ўтказмоқда, одамларни қандай масала ва муаммолар қийнаётгани билан қизиқишмоқда.
Хусусан, парламент қуйи палатаси депутати Ўрол Ўрозбоев Жиззах вилояти Ш.Рашидов туманидаги “Қангли”, “Нурафшон”, “Ёйилма”, “Токчилик”, “Раваллик” ҳамда “Яккақайрағоч” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, аҳоли билан учрашувлар ўтказди.

Депутат дастлаб аҳолига Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқидаги энг муҳим тамойиллар — “Инсон қадри учун”, “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари”, “Инсон – жамият – давлат”, “Хомашёдан – тайёр маҳсулотгача”, “Биз дунёга, дунё бизга очиқ бўлиши керак”, “Жаҳолатга қарши – маърифат” ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ҳақида кенгроқ тушунтиришлар берди.
Қонун ижодкорлиги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятининг энг муҳим, биринчи галдаги фаолиятидир. Депутат учрашувлар давомида бу борада ҳам маълумотлар берди. Таъкидланганидек, 2021 йил 9 ойи давомида 117 та қонун лойиҳаси кўриб чиқилган. Шундан 51 таси алоҳида қонун сифатида, 33 таси 10 та қонунга бирлаштирилиб, жамланма қонунлар тариқасида, 4 таси халқаро шартномалар ва битимларни ратификация қилишни назарда тутувчи қонун сифатида қабул қилинган. Ҳудудлар номи ва чегаралари билан боғлиқ масалалар юзасидан 3 та қарор қабул қилинган.

Мулоқотларда халқ вакили аҳоли билан дилдан суҳбатлашиб, уларни ўйлантираётган масалалар, ўз ечимини кутаётган муаммолар билан қизиқди. Ушбу жараёнда айрим масалалар жойида ҳал этилди, айримлари назоратга олинди. Учрашувларда турли даражада ҳал этилиши лозим бўлган юзга яқин масалалар атрофлича муҳокама этилиб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Депутатнинг ҳудуддаги учрашувлари давом этмоқда.
Муҳтарама Комилова, ЎзА