“Халқ билан бирга”: ҳар бир мурожаатга амалий ечим бор
Мамлакатимизда аҳоли мурожаати билан ишлаш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва уларга манзилли ечим топиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
O`zLiDeP ташаббуси билан амалга оширилаётган “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида ташкил этилаётган сайёр қабуллар аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш, мурожаатларни тезкор ҳал этишнинг самарали механизми сифатида хизмат қилмоқда. Дастур доирасида Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманларида мунтазам ўтказилаётган сайёр қабуллар фуқароларнинг муаммоларини масъул идоралар иштирокида жойида кўриб чиқиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини кучайтириш ва аҳоли розилигини таъминлашга асос бўлмоқда.
Нукус шаҳрида ташкил этилган сайёр қабулда O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раисининг ёшлар ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари Абдулло Аслонов, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси Сағиндиқ Турманов, Нукус шаҳар ҳокими Абатбай Данияров раҳбарлигида маҳаллий кенгаш депутатлари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, соҳа мутасаддилари ҳамда тегишли идоралар вакиллари иштирок этиб, фуқароларнинг коммунал хизматлар, бандлик, ижтимоий ҳимоя, кадастр, солиқ, субсидия, имтиёзли кредитлар, соғлиқни сақлаш ҳамда бошқа ижтимоий-иқтисодий масалалар муҳокама қилинди.

Тадбирда юз нафарга яқин фуқаро иштирок этди. Қабул давомида 70 га яқин мурожаат кўриб чиқилиб, уларнинг асосий қисми шу жойнинг ўзида ўз ечимини топди. Қолган мурожаатлар юзасидан масъул ташкилотларга аниқ вазифалар юклатилиб, ижроси назоратга олинди.

Сайёр қабулда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, эшитиш қобилияти чекланган бир нафар фуқарога замонавий эшитиш аппарати, ҳаракатланиш имконияти чекланган яна бир нафар фуқарога эса электрон ногиронлик аравачаси топширилди. Шунингдек, ижтимоий реестрда турган ҳамда ичимлик суви билан боғлиқ муаммоларга дуч келган 10 нафар эҳтиёжманд оилага сув насоси ва сув фильтрлари берилди. Бу орқали уларнинг тоза ичимлик сувидан фойдаланиш билан боғлиқ муаммоларини бартараф этишга манзилли кўмак кўрсатилди.

Қабул давомида инсон тақдирига бефарқ бўлмасликнинг яна бир амалий намунаси намоён бўлди. Нукус шаҳрида яшовчи Камила Жарилқасинова ўз мурожаатида ўғли Оразғалий Нағашпаевнинг Япониядаги олий таълим муассасасига грант асосида ўқишга қабул қилингани, бироқ, хорижга бориш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун молиявий имконияти етарли эмаслигини маълум қилди. Мурожаат атрофлича ўрганилиб, Оразғалийнинг таълим олишини қўллаб-қувватлаш мақсадида оилага 10 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам ажратилди. Бу каби эзгу ишлар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш билан бирга, билимли ва иқтидорли ёшларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда.

Сайёр қабул давомида аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Натижада 6 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланди, 10 нафар фуқаро мавсумий ишга жалб этилди. Шунингдек, партия фаоли, тадбиркор Муродбек Таңирбергенов раҳбарлигидаги “Muratbek мebel” корхонасига 10 нафар фуқаро ишга қабул қилиниб, уларнинг доимий даромад манбаига эга бўлиши учун зарур шароит яратилди.
Шу билан бирга, ўзини ўзи банд қилиш истагини билдирган 10 нафар фуқарога танлаган касби ва фаолият йўналишидан келиб чиққан ҳолда зарур меҳнат қуроллари ҳамда асбоб-ускуналар топширилди. Жумладан, “Науқанбоғ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи уста Елиўбой Ибадуллаевга аҳолига юк ташиш хизматини кўрсатиш ва ўз фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида уч ғилдиракли юк мототранспорт топширилди.
Шунингдек, қабул давомида кадастр, ижтимоий ҳимоя, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш ва бошқа соҳаларга оид қатор масалалар масъул ташкилотлар иштирокида кўриб чиқилиб, уларнинг аксарияти жойида бартараф этилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири