“Халқ билан бирга” аҳоли муаммоларига амалий ечим
ЎзЛиДеП Самарқанд вилояти кенгаши томонидан Булунғур тумани Олмазор маҳалласидаги “Янги Ўзбекистон” массивида сайёр қабул ташкил этилди.
Унда партиянинг марказий ва вилоят кенгаши раҳбарияти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари, туман ҳокимлиги ва мутасадди идоралар масъуллари иштирок этиб, аҳоли мурожаатларини тинглади.


Қабул давомида тумандаги 15 дан ортиқ маҳалладан келган фуқароларнинг 100 дан кўпроқ мурожаати қайд этилди. Аҳоли, асосан, ичимлик суви, электр энергияси ва газ таъминоти, ички йўлларни таъмирлаш, бандлик, ижтимоий ҳимоя масалалари юзасидан мутасаддиларга мурожаат қилди.

Жумладан, Амир Темур маҳалласида яшовчи Замира Холжигитова яшаб турган уйи кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда дуч келаётган муаммоларга ечим топишда кўмак сўради. Шу ерда вилоят ва туман кадастр идоралари масъуллари билан боғланилиб, масалани ҳал этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Қўнғирот маҳалласидан келган Норбой Шерматов маҳалладаги симёғочлар эскириб кетганлиги сабабли уларни янгилаш юзасидан мурожаат қилди. Мазкур масала туман электр тармоқлари идорасига йўналтирилиб, унинг ижроси бўйича туман кенгаши депутатлари томонидан жамоатчилик назорати ўрнатилиши айтилди.
Қабул давомида 50 дан ортиқ масалага шу ернинг ўзида ечим топилди, ўрганиш ва вақт талаб қиладиган мурожаатлар юзасидан масъуллар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари