Халқ банки билан муваффақият сари
Акциядорлик тижорат Халқ банки тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш орқали жойларда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича давлатимиз томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг фаол иштирокчисидир.
Молия муассасасида аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, янги иш ўринлари яратиш орқали бандликни таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу имкониятдан Самарқанд вилоятидаги тадбиркорлик субъектлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ва аҳоли самарали фойдаланиб келмоқда.
Халқ банкининг молиявий кўмаги асосида иш олиб бораётган ана шундай тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва жамоатчилик фаоллари иштирокида Самарқанд вилоятига пресс-тур ташкил этилди.
Кичик устахонадан бошланган тадбиркорлик
Пресс-тур қатнашчилари дастлаб Пастдарғом туманидаги “SAMPLASTSERVIS” масъулияти чекланган жамиятида бўлди.
2008 йилда фаолиятини эшик-дераза йиғиш устахонаси сифатида бошлаган мазкур субъект бугунги кунда мамлакатимизда “BIKO PVC” бренди остида ПВХ профиллар, замонавий эшик ва дераза ромлари ишлаб чиқараётган ҳамда бу йўналишда ўз ўрнини топган йирик компания ҳисобланади. Айни пайтда компаниянинг Самарқанддан ташқари, Сирдарё вилоятида ҳам ишлаб чиқариш корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Дилерлик марказлари эса мамлакатимизнинг барча вилоятларида ташкил этилган. Юртимиздаги йирик қурилиш компаниялари мазкур корхонанинг асосий буюртмачилари саналади.
Ҳамёнбоп нарх, қисқа вақтда сифатли маҳсулот тайёрлаш қуввати, ҳар бир хомашёни танлашда индивидуал ёндашув корхона муваффақиятининг асосидир. Маҳсулотлар Германия ва Туркиядан келтирилган сифатли хомашёдан тайёрланади.
– Халқ банкидан айланма маблағ ва қурилиш учун шу пайтгача 800 миллион сўмга яқин кредит олганмиз, – дейди “SAMPLASTSERVIS” МЧЖ савдо бўлими бошлиғи Отабек Эшонқулов. – Бугун бозорда ўрнимизни топишимиз ва муваффақиятларимизда банкнинг ҳиссаси катта деб биламиз. Ҳозирда яна бир цех қурилишини амалга ошираяпмиз ва йил якунига қадар ишга туширамиз. Ана шунда иш ўринлари сони ҳозирги 120 тадан яна 50 тага кўпаяди. Йиллик товар айланмаси эса 55 миллиард сўмга етади. Ўтган йил илк бор Қирғизистонга қарийб 100 минг долларлик маҳсулот сотгандик. Бу йил экспорт географияси ва ҳажмини янада оширишни мақсад қилганмиз.
Банк ҳунармандларни қўллаб-қувватлайди
Пресс-тур давомида иштирокчилар “Конигил туризм қишлоғи”да Халқ банкининг молиявий кўмагида фаолият бошлаб, бугунги кунда самарали меҳнат қилиб келаётган ҳунармандлар фаолияти ва улар яратаётган ҳунармандчилик маҳсулотлари билан яқиндан танишди.
– Юртимизда ҳунармандлик йўналишида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун яратилган шароит, берилаётган имтиёзлар ушбу соҳада меҳнат қилаётган оилалар учун катта имконият бўлди, – дейди ҳунарманд Дилфуза Раззоқова. – Конигил маҳалласи ҳунармандлар маҳалласи ҳисобланади. Ота-боболаримиздан мерос ҳунарларни давом эттириб, оилавий миллий сандиқсозлик билан шуғулланиб келардик. Соҳани янада ривожлантириш, ҳунармандчилик йўналишида тадбиркорлар сафини кенгайтириш борасида олиб борилган ислоҳотлар натижасида Халқ банкидан 33 миллион сўм имтиёзли кредит олдик. Шу асосда сандиқсозлик билан бирга тикувчилик, заргарлик, тўқувчилик йўналишлари бўйича фаолият олиб боряпмиз. Бунгача 12 иш ўрни бўлган бўлса, бугунги кунда оилавий корхонамизда 66 киши меҳнат қилмоқда. Ишчиларимиз асосан хотин-қизлардан иборат. Уларнинг 30 нафари касаначилик асосида ўз уйида меҳнат билан банд бўлиб, рўзғори ободлигига ҳисса қўшиб келмоқда. Маҳалламизда ташкил қилинган туризм қишлоғи маҳсулотларимиз савдосини амалга оширишда қўл келмоқда.
Ҳунармандчилик учун яратилган имкониятлар соҳага кириб келаётган ёшларни ҳам руҳлантириб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга ундамоқда. Самарқанд қоғози, тери ва бошқа маҳсулотларга сурат чизиш билан шуғулланаётган ёш ҳунарманд Мурод Қўшаев амалий ва тасвирий санъат йўналишида инклюзив таълимга ихтисослашган мактаб ташкил қилиш ниятида. Унинг бу лойиҳасида ногиронлиги бўлган болалар, кам таъминланган оилалар фарзандларига касб-ҳунар ўргатиш мақсад қилинган. Лойиҳани амалга ошириш учун 200 миллион сўм маблағ зарур бўлади.
– Турмуш ўртоғим Халқ банкининг имтиёзли кредитини олиб, тикувчилик йўналишида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди, – дейди Мурод Қўшаев. – Бугунги кунда олган кредитларини қоплаб, самарали фаолият юритмоқда. Энг муҳими, ўндан ортиқ шогирдлар тайёрлаб, уларнинг ҳам оилавий фаровонлигига ҳисса қўшди. Бундан руҳланиб, мен ҳам ногиронлиги бўлган болалар, кам таъминланган оилалар фарзандлари учун имконият яратишга қарор қилдим. Айни пайтда ушбу лойиҳамни амалга ошириш бўйича тегишли ташкилотларга мурожаат қилганман. Лойиҳам амалга ошса, ўзгалар кўмагига муҳтож бўлган кўплаб ёшлар ҳаётда ўз ўрнини топади.
Оилавий тадбиркорлик учун 172 миллиард сўм
Маълумотларга кўра, Халқ банки Самарқанд вилоят, туман ва шаҳар филиаллари томонидан жорий йилнинг беш ойи давомида 12 минг 473 нафар фуқарога 336 миллиард 538 миллион сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилган. Бу кредитларнинг 78 фоизи жисмоний шахсларга тўғри келади. Яъни, шунча фуқаро банк молиявий кўмагида уй-жой шароитини тўғрилади, тадбиркорлик фаолиятини бошлади ёки кенгайтирди, оилавий ишбилармонликни йўлга қўйди.
– Биргина оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари тавсиялари асосида 9117 нафар шахсга қарийб 172 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилди ва бунинг натижасида 9150 кишининг бандлиги таъминланди, – дейди Халқ банки Самарқанд вилояти филиали бошлиғи Ислом Давронов. – Бу кредитларнинг 167,7 миллиард сўми 9086 нафар жисмоний шахсларга берилди. Шуни таъкидлаш лозимки, кредитлар устувор равишда хотин-қизлар ва ёшларга ажратиб келинмоқда. Жумладан, 3700 нафардан ортиқ ёшлар ва 5000 нафар хотин-қизлар банкимиздан имтиёзли кредит олди.
[gallery-12433]
Бу борадаги ишлар тизимли давом эттирилиб, йил якунига қадар банк томонидан яна 282 миллиард сўм кредит ажратиш кўзда тутилган.
Бир сўз билан айтганда, Халқ банки ҳар жабҳада тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаб юртимизда ишбилармонлик муҳитини ривожлантиришга ҳисса қўшиб келмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА