Ҳал этилиши мумкин бўлган масалалар бўйича чоралар белгиланди
Кўчаларни таъмирлаш, уй-жой ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, электр ҳамда ичимлик суви таъминоти — Сирдарё тумани аҳолисини қийнаётган қатор масалалар сайёр қабулда очиқ айтилди. Қабулда 84 та мурожаат қайд этилиб, ҳар бир масала тегишли соҳа масъуллари иштирокида кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сирдарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси томонидан ташкил этилган навбатдаги сайёр қабул вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигида ўтказилди. Унда вилоятдаги корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, соҳа масъуллари иштирок этишди.
Мурожаатларнинг 72 таси Сирдарё тумани аҳолисидан тушган. Шунингдек, Сайхунобод туманидан 6 та, Гулистон шаҳридан 2 та мурожаат қайд этилди. Ховос, Боёвут, Мирзаобод ва Сардоба туманларидан эса бир нафардан фуқаро ўз масаласи билан мурожаат қилди.
Қабулда кўтарилган масалаларнинг салмоқли қисми уй-жой, кадастр ва қурилиш билан боғлиқ бўлди. Фуқаролар уй-жойни ҳужжатлаштириш, кадастр маълумотларини тўғрилаш, ер участкаларига оид масалалар, уй-жой шароитини яхшилаш ҳамда қурилиш ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича мурожаат этишди.

Маҳалла инфратузилмасига оид муаммолар ҳам аҳоли мурожаатларида яққол намоён бўлди. Хусусан, ички кўчаларни асфалтлаш ва шағаллаштириш, айрим йўлларда бошланган ишларни якунига етказиш масалалари кўтарилди. Электр, ичимлик ва суғориш суви, газ ҳамда коммунал хизматлар билан боғлиқ мурожаатлар ҳам бўлди. Шунингдек, банк-кредит ва ипотека, ижтимоий реестр, ишга жойлашиш, моддий ёрдам, контракт тўлови, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва ҳуқуқий масалалар юзасидан ҳам фуқаролар мурожаат қилди.
Айрим мурожаатларда бир маҳалладаги бир нечта масала бир вақтнинг ўзида кўтарилди. Масалан, кўчани асфальтлаш билан бирга уни ёритиш ва болалар ўйин майдончаси барпо этиш бўйича таклифлар билдирилди.
Барча мурожаатлар тегишли соҳа масъуллари иштирокида бевосита қабул жараёнида кўриб чиқилди. Жойида ҳал этиш мумкин бўлган масалалар бўйича чоралар белгиланди. Қўшимча ўрганишни талаб қиладиган мурожаатлар эса масъулларга ижро учун йўналтирилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири