Гуйчжоудаги фотофестиваль: табиат, инсон ва маданият уйғунлиги
Хитойнинг Гуйчжоу провинциясида табиат, инсон ва замонавий ҳаёт уйғунлигини акс эттирган халқаро фотофестиваль бошланди.
28 сентябрь куни Цяньнань-Буй-Мяо автоном округининг Либо уезди Хунцзян қишлоғида “Ранг-баранг Гуйчжоу – 2026” 19-Хитой халқаро табиат фотокўргазмаси ва илк “Ранг-баранг Гуйчжоу” лэнд-арт санъати мавсуми очилди.
Бу йилги фотофестиваль “Гуйчжоудаги ҳаёт: ёруғлик ва соялар уйғунлиги” мавзусига бағишланган. Унда вилоятнинг бетакрор табиати ва манзаралари билан бир қаторда аҳолининг кундалик ҳаёти, маданий анъаналари, сайёҳларнинг таассуротлари ҳам фотосуратлар орқали намоён этилган. Онлайн ва офлайн форматларда мингдан ортиқ фотосурат ва фототуркумлар намойиш этилмоқда.

Кўргазманинг яна бир ўзига хос жиҳати – анъанавий экспозиция майдонидан воз кечилиб, Хунцзян қишлоғининг ўзи санъат майдонига айланган. Фотосуратлар қадимий уйлар деворлари, ҳовлилар ва очиқ галереяларга жойлаштирилган. Шу тариқа табиат, қишлоқ ҳаёти ва санъат бир маконда уйғунлашган.
Фотофестиваль халқаро маданий мулоқот учун ҳам муҳим майдонга айланмоқда. Унда Франция, Италия каби давлатлардан ижодкорлар иштирок этмоқда. Бу йил илк бор “Муштарак Ипак йўли шуъласи” – Марказий осиёдан таклиф этилган фотоасарлар кўргазмаси ташкил этилди. Унда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Марказий осиёнинг бошқа давлатларидан фотографик ташкилотлар ҳамда фотографлар иштирок этмоқда.
Мазкур ташаббус Гуйчжоу ва Марказий осиё мамлакатлари ўртасида фотография воситасида маданий-гуманитар мулоқотни кенгайтиришга қаратилган. Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, кўргазма доирасидаги айрим лойиҳалар кейинчалик хорижда ҳам намойиш этилади. Жумладан, Қирғизистонда сайёр кўргазма ўтказиш режалаштирилган.

Қирғизистон Маданият, ахборот ва ёшлар сиёсати вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Эльмира Жумагуловна Гуйчжоу ва Қирғизистонни тоғлар, бой табиат, тарих ва анъаналарга ҳурмат каби муштарак жиҳатлар бирлаштиришини таъкидлади. У фотографияни мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамловчи ўзига хос кўприк сифатида баҳолади.
Гуйчжоудаги мазкур фотофестиваль шу тариқа нафақат санъат асарларини намойиш этиш, балки турли мамлакатлар халқлари ўртасида маданий мулоқотни ривожлантиришга хизмат қилаётган халқаро майдон сифатида намоён бўлмоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА