Гутерриш яшил энергетикани ривожлантиришга чақирди
Агар дунё охирги икки ўн йилликда қайта тикланадиган энергия манбаларига фаол инвестиция жалб қилганида эди мамлакатлар қазиб олинадиган энергетика нархларининг бу даражада ошиб кетишига дуч келмаган бўларди, деди БМТ бош котиби Антониу Гутерриш РИА Новостига берган интервьюсида.
Европа мамлакатлари электр энергетика ва газнинг нархи ошиб кетиши шароитида электр энергия ишлаб чиқариш учун кўмир ва мазутдан фойдаланишга ўтмоқда. Масалан, Германиянинг Uniper компанияси баёнот беришича, яқинда захирадаги кўмирда ишлайдиган иссиқлик электростанциясини ишга туширади. Мақсад Германияни қишда етарлича электр энергияси таъминлаш.
Европа мамлакатлари Россия газидан маҳрум бўлаётгани сабабли кўмир ва бошқа қазиб олинадиган энергетика маҳсулотларидан фойдаланиши хавотирли эмасми, деб берилган саволга бош котиб қуйидагича жавоб берган: "бир нарса яққол кўриниб турибдики, агар дунё охирги икки ўн йилликда қайта тикланадиган энергия манбаларига фаол инвестиция жалб қилганида эди мамлакатлар қазиб олинадиган энергетика нархларининг бу даражада ошиб кетишига дуч келмаган бўларди".
Унинг таъкидлашича, қазиб олинадиган энергия “бу келажак эмас, аксинча ўтмиш". "Фақат “яшил инқилоб” ёрдамида барча муаммоларни бартараф қила оламиз", – қўшимча қилди у.