Гулистонда отлар композицияси қад ростлади
Сирдарё вилоятининг маркази Гулистон шаҳри сўнгги пайтларда кундан-кунга чирой очиб бораётганлиги вилоят аҳолисига ҳам қувонч бермоқда.
Шаҳар ҳудудида бирин-кетин барпо этилаётган кўп қаватли уйлар, савдо мажмуалари, хиёбонлар ва маиший хизмат кўрсатиш марказлари бунинг яққол мисолидир. Энди шаҳар марказига элтувчи кўприк ёнида янги ўрнатилган отлар композицияси шаҳарга ўзгача кўрк бағишлаб, аҳоли ва вилоятга келаётган меҳмонларга манзур бўлмоқда.

Мазкур композиция шаҳар ҳокими Тўлқинжон Дадабаев ташаббуси билан “El-Aziz group” МЧЖ қошидаги “Art Millenium Classic” жамияти томонидан барпо этилди. Ушбу санъат асари 3 ой мобайнида, уч моҳир уста қўл меҳнати билан яратилди. Ҳар бир отнинг умумий вазни 10 тоннадан зиёддир.
– От рамзи қадимдан барака маъносини англатади, – дейди “El-Aziz” таъсисчиси А.Абдурахмонов. – Ўз навбатида “Янги Ўзбекистон” баракали бўлсин ва биз шунга интилайлик, деган мақсадда, айнан кишнаб турган отларни пойтахтимиз томон қаратдик.
Келгусида Гулистон шаҳрида яна бир янги скульптура – шерлар ҳайкали ўрнатилиши кўзда тутилган. Бўлғуси скульптуранинг баландлиги 5 метрдан иборат бўлиб, отларга нисбатан янги рекорд даражасини ўрнатиш режалаштирилган.
Шуҳрат Суяров, Фурқат Тошматов (сурат), ЎзА