Гулистонда “Беш ташаббус хиёбони” очилди
Давлатимиз раҳбарининг Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида таклиф этилган 5 та муҳим ташаббус ижроси доирасида Гулистон шаҳри марказидан оқиб ўтувчи “Дўстлик” каналининг чап қирғоғи ободонлаштирилиб, 2,6 гектар майдонда “Беш ташаббус хиёбони” комплекси барпо этилди.
“Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан ушбу хиёбоннинг очилиш маросимида олдимизга катта мақсадлар, улкан марралар қўйилгани, энг олий мақсад, аҳоли розилигига эришиш эканлиги таъкидланди.
Ушбу комплекс ўрнидан муқаддам аҳоли фойдаланиб келган, бироқ 2016 йилдан буён бу жой яроқсиз аҳволга келиб қолган сув ҳавзаси тубдан қайта реконструкция қилинди.
Хиёбондаги пиёдалар йўлакчаси, велойўлакча ҳамда қумли тўшамалар билан ўралган ҳовуз атрофи янгича қиёфа касб этди.
Мазкур комплекс 24 соат фаолият кўрсатиши учун зарур бўлган қуёш батареяли 90 та тунги ёритиш чироқлари билан таъминланди.
Маданий ва кўнгилочар тадбирларни очиқ ҳавода ўтказишга мўлжалланган махсус саҳна (амфитеатр), 5 та енгил типдаги савдо дўконлари қурилиб, ташландиқ ҳолатдаги 2 та бино қайта таъмирланди ва фойдаланиш учун тайёр ҳолга келтирилди. Улардан бирида “Bookcafe” шаклидаги кутубхона фаолияти йўлга қўйилган.
Иккита катер келтирилиб, дам олувчилар учун “Дўстлик” канали бўйлаб сайр қилиш учун имконият яратилди.
Шунингдек, 10 минг 500 метр квадрат майдон кўкаламзорлаштирилиб, 2 минг тупдан зиёд манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Ушбу бунёдкорлик ишлари учун тадбиркорлар томонидан 2 миллиард сўм маблағ сарф қилинди.
“Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган 30 дан ортиқ аёллар ва ёшлар ушбу комплексда тиббий, санитар, ижтимоий ва бошқа соҳаларда иш билан таъминланди.
[gallery-2648]
Хиёбоннинг тантанали очилиш маросимида “Бўш иш ўринлари ва вакант лавозимлари” ярмаркаси ҳам ўтказилди.
Меҳнат ярмаркасида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан 60 га яқин корхона ва ташкилот, йирик фермерлар ва хусусий тадбиркорлар мавжуд 1 минг 500 дан ортиқ бўш иш ўрни билан қатнашди.
Якунда 113 нафардан зиёд ишсиз фуқарога ишга жойлаштириш, касбий ўқувга юбориш, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига йўлланмалар берилди.
Тадбир давомида концерт дастури намойиш этилди.
Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев иштирок этди.
А.Қаюмов, Ф.Тошматов (сурат) ЎзА