Гулистон туманида ичимлик ва оқова сув тизими тубдан янгиланади
Жорий йилда Жаҳон банки дастурининг иккинчи босқичи доирасида Гулистон туманида тоза ичимлик ва оқова сув тизимларини янгидан қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари бошланади. Лойиҳа қиймати 17 миллион АҚШ долларини ташкил қилади.
Шу муносабат билан Гулистон тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Олимжон Жўраев Жаҳон банки лойиҳачилари ва социологлари билан учрашув ўтказди. Учрашувда туман ҳудудида барпо этилиши режалаштирилган янги иншоотлар учун ажратилган майдонлар кўздан кечирилди ва лойиҳа доирасида бажарилиши лозим бўлган ишлар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Қайд этилишича, лойиҳа доирасида 16 та маҳаллада кенг кўламли қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилади. Жумладан, 11 та янги ичимлик суви иншооти барпо этилади, 19 та мавжуд иншоот реконструкция қилинади, 12 960 метрлик янги ичимлик суви тармоғи тортилади, 54 340 метр мавжуд тармоқ янгидан реконструкция қилинади.
Шунингдек, туман марказидаги “Дўстлик”, “Ибрат”, “Аҳиллик” ва “Аҳмад Яссавий” маҳаллаларида замонавий оқова сув тармоқлари қурилади. Бу ишлар тўлиқ якунлангач, Гулистон тумани аҳолиси 100 фоиз тоза ичимлик суви билан таъминланади ва замонавий оқова сув тизимлари ишга туширилади.

– Мазкур лойиҳа аҳоли ҳаёти учун беқиёс аҳамиятга эга, – дейди Олимжон Жўраев. – Чунки барча маҳаллаларда замонавий сув ва оқова сув тармоқлари яратилиши нафақат аҳоли турмуш даражасини сезиларли оширади, балки туман инфратузилмасини замонавий стандартлар асосида такомиллаштиришга хизмат қилади. Биз бу ишлар орқали нафақат сув таъминоти ва санитар-гигиена шароитини яхшилаймиз, балки ёшлар ва маҳаллий аҳоли учун янги имкониятлар яратамиз.

Лойиҳанинг амалга оширилиши маҳаллаларда замонавий инфратузилма, рақамли ечимлар ва замонавий қишлоқ хўжалиги технологияларини жорий этиш орқали аҳоли учун қулай турмуш шароитларини яратишга хизмат қилади. Бу эса қишлоқда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, ёшлар ва фермерлар учун янги имкониятлар очиш ҳамда маҳаллий аҳоли фаоллигини оширишда муҳим қадам ҳисобланади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири