Гулдана Авездурдиева: Ўзбекистон – тақдирим, келажагим ва фарзандларимнинг эртаси билан боғлиқ муқаддас замин
Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!
Қадимдан жаннатмонанд диёримизда турли миллат ва элат вакиллари тинч-тотув яшаб келишган. Бугун ҳам мамлакатимизда ўзбеклар билан бир қаторда рус, қозоқ, тожик, қорақалпоқ, татар, корейс, қирғиз, туркман, украин, озарбайжон сингари кўплаб миллат вакиллари истиқомат қилиб келмоқда. Уларнинг ҳар бири юртимизнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётига муносиб ҳисса қўшиб келаётир.
Қайд этиш керакки, турли миллат вакилларининг бир ўлкада аҳил-иноқ яшаши – катта бойлик. Чунки миллатлар хилма-хиллиги жамиятни янада ранг-баранг ва бой қилади. Бир-бирининг тили, маданияти ва анъаналарини ҳурмат қилган инсонлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик мустаҳкамланади.
Минг йиллар мобайнида ўзбек ва туркман халқлари мислсиз бой маданий ва илмий меросни, анъаналарни асраб-авайлаб келаётган халқлар ҳисобланади. Икки элнинг мустаҳкам дўстлиги, ҳамжиҳатлиги ва маданий яқинлиги рамзи сифатида Тошкент шаҳрида туркман мумтоз адабиёт намояндаси Махтумқули Фироғий номидаги фаровон кўча бошида унинг тимсоли туширилган барелеф ва “Ашхобод” боғи очилди, Ўзбек–туркман дўстлик уйи муассасаси ва Хоразм вилоятида “Улли ҳовли” мажмуаси ишга туширилди. Ўз навбатида, Туркманистон пойтахтида ҳам Алишер Навоий кўчаси очилди, Ашхобод шаҳрида “Тошкент” боғи барпо этилди.
Мамлакатимизда 200 мингдан ортиқ туркман миллати вакиллари яшайди. Бинобарин, уларнинг ҳаёти ва фаолияти давлатимизнинг турли соҳалари билан чамбарчас боғлиқ. Улар орасида фан докторлари, профессорлар, олий тоифали шифокорлар, ўқитувчилар, ёзувчи ва шоирлар, маданият ва санъат намояндалари, тадбиркорлар, спортчилар ва ўз касбининг моҳир усталари бор.
Ана шундай инсонларлардан бири Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Турман миллий маданият маркази раиси Гулдана Авездурдиевадир. Гулдана опа ҳаёти, меҳнат фаолиятини юртимиз равнақи, ёшлар тарбияси ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга бағишламоқда.
– Кўп йиллик иш фаолиятимдан келиб чиқиб, ишонч билан айта оламанки, сўнгги саккиз-тўққиз йил давомида юртимизда турли халқлар вакилларига яратилаётган имкониятлар, уларнинг миллий қадриятларини асраб-авайлаши ва ривожлантириши учун берилаётган эътибор янги босқичга кўтарилди, - дейди Г.Авездурдиева. – Бу ўзгаришларни четдан кузатганим йўқ, аксинча, уларни бевосита ўз фаолиятим давомида ҳис қилиб келяпман. Бир вақтлар марказимизнинг биргина муҳри ҳам уйимизда сақланар эди. Бугун эса миллий маданий марказлар учун алоҳида хоналар ажратилган, уларнинг фаолиятини самарали ташкил этиши учун зарур шароитлар яратилган. Бу биз учун оддий маиший ўзгариш эмас, балки мамлакатимизда миллий маданият ва жамоат ташкилотларига бўлган муносабат тубдан ўзгарганининг ёрқин далилидир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 22 та миллий маданий марказ учун Дўстлик павильонлари барпо этилди. Вилоятларда миллий маданий марказлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида Дўстлик уйлари ташкил қилинди. Миллий анъаналарни ривожлантириш, маданий тадбирларни ўтказиш ва ёшларни эзгу қадриятлар руҳида тарбиялаш учун кенг имкониятлар пайдо бўлди.
Энг муҳими, бу шароитларнинг аксарияти сўнгги саккиз-тўққиз йил ичида яратилди. Шу қисқа даврда амалга оширилган ишлар юртимиздаги ўзгаришларнинг кўлами ва мазмунини теран англатади.
– Ҳаёт йўлим ҳам бу жараённинг бир мисоли бўла олади, - дея сўзида давом этди Гулдана опа. – Бир вақтлар кичик бир миллий маданий марказ раиси сифатида фаолият бошлаган бўлсам, бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати сифатида Ватанимизга хизмат қилиб келяпман. Буни мен фақат шахсий меҳнатимнинг натижаси деб эмас, балки мамлакатимизда ҳар бир инсонга ўз қобилияти, билими ва салоҳиятини намоён этиши учун яратилаётган имкониятларнинг самараси сифатида қабул қиламан. Бу мен учун катта шараф. Шу билан бирга, улкан масъулият ҳамдир. Чунки халқ вакили сифатида менинг вазифам жамиятимиздаги турли қатламларнинг фикри ва манфаатларини ифода этиш, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишдан иборат. Ўзбекистон мен учун нафақат яшаб, меҳнат қилаётган замин, балки тақдирим, келажагим ва фарзандларимнинг эртаси билан боғлиқ муқаддас гўшадир. Туркман миллати вакили сифатида ўз тилим, маданиятим ва анъаналаримни асраб-авайлаш билан бирга, умумий ўлкамиз равнақи учун хизмат қилишни юксак бурч деб биламан.
Албатта, Гулдана опанинг меҳнатлари муносиб эътироф этилди, қадрланди. У “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони, “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони, “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони, “Диний бағрикенглик” кўкрак нишони ва “Халқ дипломати” кўкрак нишонлари билан тақдирланди.
Гулдана опа таъкидлаганидек, аслида, юртимиздаги тинчлик ва ҳамжиҳатликнинг энг катта кучи ҳам ана шунда. Биз турли тилларда сўзлашишимиз, турфа маданий анъаналарга эга бўлишимиз мумкин, аммо Ватанимиз битта, орзу-мақсадларимиз муштарак. Фарзандларимизга тинч, фаровон ва осойишта ҳаёт қолдириш истаги эса барчамизни бирлаштиради. Шу нуқтаи назардан қараганда, миллатлараро тотувликни фақат давлат сиёсати ёки расмий тадбирлар билан ўлчаб бўлмайди. У одамларнинг кундалик муносабатида, бир-бирини ҳурмат қилишида, қувонч ва ташвишларга шерик бўлишида, фарзандларни бағрикенглик руҳида тарбиялашда намоён бўлади.
– Инсонга имконият берилса, унинг миллати, тили ва келиб чиқишидан қатъи назар, у ўз салоҳиятини намоён эта олади ва юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўша олади, - дейди Гулдана опа. – Ишонаманки, диёримиздаги дўстлик, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳити бундан кейин ҳам янада мустаҳкамланиб бораверади.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат ана шу қадриятларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Ҳар бир халқнинг тарихи, тили, маданияти ва миллий анъаналарига ҳурмат билан муносабатда бўлиш жамиятимизда ўзаро ишонч муҳитини кучайтирмоқда.
Миллий маданий марказлар ҳам бу жараёнда ўзига хос кўприк вазифасини бажармоқда, дейиш мумкин. Улар бир томондан ўз миллий меросини асраса, иккинчи томондан турли маданиятлар ўртасида мулоқот ва яқинликни таъминлайди. Бир миллатнинг қўшиғи бошқа халқ вакилига ҳам қувонч бағишлайди, миллий рақслар, урф-одатлар ва анъаналар эса халқларни янада яқинлаштиради.
Умуман олганда, дунёда тинчлик ва барқарорликка эҳтиёж кучайиб бораётган бир пайтда турли халқларни бир юртда аҳил-иноқ яшашга бирлаштира оладиган муҳитнинг аҳамияти янада ортиб бормоқда. Республикамизнинг бу борадаги тажрибаси ҳам катта аҳамиятга эга. Бугун Янги Ўзбекистоннинг жаҳон майдонида ўз овози бор. Бу овоз тинчлик, дўстлик, ҳамкорлик ва бағрикенглик ғояларини ифода этмоқда. Бу овоз инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатларига ҳурмат билан ёндашишга асосланган сиёсатнинг ифодасидир. Зеро, турли тил ва маданиятларга эга инсонларни бир Ватан атрофида бирлаштира олган, ҳар бир халқнинг миллий қадриятларига ҳурмат билан қарайдиган ва барча учун тенг имконият яратаётган Ўзбекистоннинг бу ўзига хос тажрибаси — мамлакатимизнинг катта маънавий бойлигидир.
Миллатлараро тотувлик – юртимиз тинчлиги ва барқарорлигининг мустаҳкам таянчи, халқлар дўстлигининг беқиёс ифодаси ва Янги Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига намоён этаётган ўзига хос халқаро брендидир.
Гўзал Сатторова, ЎзА