Ғоя қўллаб-қувватланса, ташаббус натижага айланади
Ховос туманининг Карвонсарой маҳалласида очиқ осмон остида ўтказилган мулоқотда ёшлар билдирган ғоя ва таклифлар қоғозда қолиб кетмади — уларнинг мурожаатлари қисқа фурсатда амалий ечим топди. Сарвиноз Ғофурова стартап лойиҳасини ривожлантириш учун замонавий ноутбукка, Озодбек Қорабоев эса мусиқа билан шуғулланиши учун доирага эҳтиёж борлигини билдирган эди.
Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовнинг “Ёшлар куни” доирасида Карвонсарой маҳалласи ёшлари билан ўтказган учрашуви эркин ва самимий мулоқот руҳида кечди. Очиқ осмон остида ташкил этилган суҳбатда ёшлар ўзларини қизиқтирган масалаларни тўғридан-тўғри баён этиб, таълим, спорт, бандлик, тадбиркорлик, стартап ва ижодий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифларини билдирди.

Учрашувнинг эътиборли жиҳати шундаки, ёшлар билдирган мурожаатлар фақат тингланибгина қолмади. Ҳар бир ташаббусни ўрганиш, мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда ёшларнинг мақсадларини рўёбга чиқариш учун зарур шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилди.

Сарвиноз Ғофурованинг мурожаати ҳам қисқа фурсатда амалий ечим топди. Унга замонавий ноутбук топширилди. Энди у ўз лойиҳаси устида янада самарали ишлаши, зарур маълумотларни излаши, замонавий технология ва дастурларни ўзлаштириши ҳамда стартапини янги босқичга олиб чиқиши учун кенг имкониятга эга.

Озодбек Қорабоевнинг мусиқага бўлган қизиқиши ҳам эътиборсиз қолмади. Унга доира ва барабан ҳамда ноутбук топширилиб, мусиқа билан мунтазам шуғулланиши ва ижодий салоҳиятини намоён этиши учун зарур шароит яратилди.

Бугун Сарвиноз учун ноутбук — шунчаки техника воситаси эмас, балки стартап лойиҳасини ривожлантириш, янги билим ва кўникмаларни ўзлаштириш, ғояларини амалиётга татбиқ этиш учун яратилган имконият бўлса, Озодбек учун эса доира ва барабан — мусиқага бўлган қизиқишини янада чуқурлаштириш, маҳоратини ошириш ва ижодий салоҳиятини намоён этишга хизмат қиладиган муҳим қўлловга айланди.
Бундай кўмак ёшларга нафақат бугунги эҳтиёжларини ҳал этиш, балки эртанги мақсадларини дадилроқ белгилаш имконини ҳам беради.
Муҳими, катта натижалар кўпинча кичик бир ғоядан бошланади. Унга ишонч ва имконият берилса, оддий ташаббус ҳам эртанги ютуққа айланиши мумкин.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири