Гул етиштиришдан мўмай даромад олаётганлар
Андижон вилояти Избоскан тумани Ботиробод маҳалласи гулчиликка ихтисослашган маҳаллалардан биридир.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йил 7-18 июнь кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, иш ўринлари ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш, жумладан, вилоятдаги 882 та маҳаллада аҳолисининг азалдан шаклланган кўникмаларидан келиб чиқиб, энг самарали “ўсиш нуқта”лари сифатида – ҳунармандчилик, томорқа ва иссиқхона хўжалиги, боғдорчилик, гулчилик, паррандачилик каби йўналишлар белгиланганлигини қайд этди. Бу борадаги ишларни тизимли ташкил этиш, жумладан, гул ва манзарали кўчатлар етиштириладиган боғ барпо этиш, Шаҳрихон туманидаги касб-ҳунарга ўқитиш марказида Гулчилик мактаби очиш, мазкур йўналишда иссиқхоналар ташкил этиш, томорқаларда гул етиштиришни қўллаб-қувватлаш юзасидан қатор топшириқлар берган эди.
Андижон вилоятида бу борада эътиборга молик ишлар олиб борилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Гул, гул кўчатлари етиштириш бўйича ўзига хос тажриба тўпланган Андижон, Избоскан ва Олтинкўл туманларида кластер усулида гул етиштириш йўлга қўйилди. Бугунги кунда вилоятидаги 27 та маҳаллада 5 мингга яқин хонадон томорқасида гул етиштирилмоқда. Мазкур ишларни ташкил этиш ҳисобига 10 минг нафарга яқин аҳолининг бандлиги таъминланган.
Мутахассисларнинг таъкидлашларича, 10 сотих ерга экилган орхидея гули 850 миллион сўмгача, лилия 450 миллион сўмгача, пион 320 миллион сўмгача даромад олиш имконини беради. Избоскан туманидаги Ботиробод маҳалласида сердаромад соҳа ҳисобланган гулчилик билан шуғулланаётган оилалар сони тобора кўпаймоқда.
– Маҳалламиздаги 640 хонадонда 4 минг нафардан зиёд аҳоли яшайди, - дейди Избоскан туманидаги Ботиробод маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдураҳим Ҳасанов. – Маҳалламизда томорқадан унумли фойдаланиш, айниқса, гулчилик билан шуғулланиш бўйича илғор тажрибалар шаклланган. Ҳозирда маҳалламиздаги 70 дан ортиқ оила гул, гул кўчатлари етиштириш билан шуғулланади.
– Қарийб 40 йилдан буён гулчилик билан шуғулланаман, – дейди Ботиробод маҳалласи Мангулик кўчасида яшовчи Аъзамжон Камолжонов. – Бутун оиламиз билан хонадонимдаги 6 сотих иссиқхонада ўндан ортиқ турдаги гул кўчатларини етиштирамиз. Бунинг ортидан ҳар йили каттагина даромад топамиз. Ёшим етмишга яқинлашяпти, турмушимиз ёмон эмас, чиройли уйлар соляпмиз, тўйлар қиляпмиз. Буларнинг бари меҳнатимиз, шу ишимиз ортидан топилган даромад ҳисобидан бўляпти. Гулчилик билан шуғулланган одам асло кам бўлмайди.
Маҳалланинг Ойбек кўчасида яшовчи Арофатхон Қобулова ҳам оиласи билан гулчилик билан шуғулланади. Эллик сотих иссиқхонада гул кўчатлари етиштиради. Иссиқхонада оиланинг аъзоларидан ташқари, маҳалладаги 6 нафар киши ҳам иш билан таъминланган, доимий даромад манбаига эга.
Умуман, маҳаллада гулчиликни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишларга ҳавас қилса арзийди. Маҳалланинг “ўсиш нуқтаси” деб белгиланган мазкур соҳада иш юритаётган оилалар сони эса тобора ортиб бормоқда. Бу ўз навбатида аҳолининг, энг аввало, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар бандлигини таъминлаш, даромадларини ошириш, турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
[gallery-3224]
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З.УМРЗОҚОВ (сурат),ЎзА