Гуанжоуда Бутунжаҳон медиа саммити бошланди
Шу кунларда бутун дунё оммавий ахборот воситалари эътибори Хитой Халқ Республикасининг Гуанжоу шаҳрига қаратилган. Икки кундирки, бу ерда “Бутунжаҳон 5-медиа саммити” бўлиб ўтмоқда.
Дунёнинг 101 мамлакатидан ташриф буюрган 400 дан зиёд ОАВ вакиллари иштирок этаётган мазкур саммитда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги делегацияси ҳам қатнашмоқда.
Бугун 3 декабрь куни саммитнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Хитой Коммунистик партияси Марказий Қўмитасининг тарғибот масалалари бўйича вазир ўринбосари Ху Хепинг, БМТ Бош котибининг глобал коммуникациялар бўйича ўринбосари Мелисса Флеминг (видео конференция орқали), мамлакатнинг етакчи ахборот агентлиги – “Синьхуа” Бош директори Фу Хуа, Гуандунь провинцияси губернатори Ванг Веижонг, шунингдек бошқа кўплаб ОАВ ҳамда халқаро ташкилотлар раҳбарлари қатнашди.
Анжуман кун тартибига мувофиқ, “Оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш” масаласи муҳокама этилиб, мавзуга доир атрофлича фикр алмашилди, кўплаб таклиф, мулоҳазалар билдирилди.

Форум иштирокчилари шу куни 5-Жаҳон ОАВ саммити учун Қўшма баёнотни қабул қилдилар.
– “Глобал ишончни ошириш, оммавий ахборот воситаларини ривожлантиришга кўмаклашиш” мавзусида кенг ва чуқур муҳокама ўтказдик, – дейилади, жумладан, мазкур ҳужжатда. – Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда дунё мисли кўрилмаган жадал ўзгаришларни бошдан кечирмоқда. Ноаниқлик, кутилмаган омиллар кучайиб, инсоният учун глобал муаммоларни келтириб чиқармоқда. Шу боис, халқаро ҳамжамият бирдамлик ва ҳамкорликни ҳар қачонгидан кўра мустаҳкамлаши лозим. Оммавий ахборот воситалари дунё, замон ва тарих томонидан қўйилган саволларга жавоб бериш учун алоқа кўпригини қуриши керак.
Шунингдек, баёнотда жаҳон ОАВ ривожланаётган мамлакатларда қашшоқликни камайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, тараққиётни молиялаштириш ва саноатлаштириш каби долзарб талабларга кўпроқ эътибор қаратади ривожланиш йўлидаги номутаносибликни бартараф этишга ёрдам беради, дея ишонч билдирилган.
Зеро, ахборот асрида, янги технологиялар жадал ривожланаётган бир шароитда, жаҳон оммавий ахборот воситалари инновацияларни фаол жорий этган ҳолда, журналист этикасига амал қилиши, профессионал стандартларга жавоб бериши, замонавий технологиялардан оқилона фойдаланиши зарур. ОАВ обрў-эътибори ва ишончлилигини таъминлаш учун кенг аудиторияга фактларга асосланган, ҳар томонлама холис янгиликларни тарқатиш, нотўғри маълумотларга, миш-миш ва ноўрин қарашларга қатъий қарши туриш керак.
Халқаро саммит иши давом этяпти.
ЎзА