Грузия Миллий ижро бюроси делегацияси юртимизга ташриф буюрди
Грузия Миллий ижро бюроси раиси Лаша Мозгвришвили бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикасига расмий ташриф билан келди.
Жорий йилнинг 27 сентябрь – 1 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг таклифига биноан Грузия Миллий ижро бюроси делегацияси Грузия Миллий ижро бюроси раиси Лаша Мозгвришвили бошчилигидаги Ўзбекистон Республикасига расмий иш ташриф билан келди.

Делегация таркибидан Грузия Миллий ижро бюроси раҳбарияти ва таркибий бўлинмалари вакиллари ўрин олди. Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва Грузия Миллий ижро бюроси раҳбарияти ҳамда вакиллари иштирокида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида томонлар суд ҳужжатларини ижро этиш соҳасидаги долзарб масалалар, ижро иши юритувини ташкил этиш, давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш, замонавий ахборот технологиялари ва рақамли ечимларни қўллаш, шунингдек, икки идора ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилишди.
Меҳмон делегация вакилларида ижро иши юритувини рақамлаштириш, айрим жараёнларни автоматлаштириш, электрон ахборот алмашинуви, электрон аукционлар ўтказиш, ички назорат ва мониторинг, шунингдек, ижро иши юритувида иштирок этувчи шахслар билан ўзаро ҳамкорлик сифатини ошириш масалалари катта таассурот қолдирди.
Жумладан, томонлар соҳада мунтазам равишда амалий тажриба ва касбий билим алмашиш, шунингдек, мажбурий ижро соҳасида миллий тизимларда қўлланилаётган замонавий ёндашувларни бевосита ўрганиш муҳимлигини қайд этишди.
Ташриф доирасида Грузия Миллий ижро бюроси делегацияси Мажбурий ижро бюросининг Яшнобод туман бўлимига ташриф буюриб, бўлим ишини ташкил этиш, давлат ижрочиларининг кунлик фаолияти, ижро иши юритувларини амалга ошириш тартиби, ижро ҳужжатларини ижро этиш механизмлари, шунингдек, фуқаролар ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик амалиёти тўғрисида маълумот берилди.
Бундай ҳамкорлик шакли нафақат тажриба алмашиш, балки амалий масалаларни биргаликда муҳокама қилиш, ўзаро мақбул ечимларни ишлаб чиқиш ва миллий ҳуқуқий тизимларнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда замонавий ёндашувларни жорий этиш учун ҳам имкон яратади.
Грузия Миллий ижро бюроси делегациясининг ташрифи икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва икки идора ўртасида эришилган келишувларни амалий жиҳатдан рўёбга чиқариш, соҳавий ҳамкорлик, илғор тажрибаларни алмашишда муҳим аҳамият касб этади.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА