Европа хавфсизлик миссиясига тайёргарлик кўрмоқда
Европанинг 10 давлати Украинада уруш тўхтагандан кейин амалга оширилиши режалаштирилган хавфсизлик миссиясига тайёргарликни бошлаяпти. 9-22 ноябрь кунлари Польшада 2 800 ҳарбий иштирокида “Коалиция” номли илк йирик машқ ўтказилади. Франция ва Буюк Британия бошчилигидаги кўп миллатли кучлар фақат ўзаро ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилгандан кейингина Украинага жойлаштирилиши мумкин.
2025 йил тузилган, қароргоҳи Парижда фаолият юритаётган НАТО таркибига кирмайдиган бу кучларнинг вазифаси ҳужумкор амалиёт ўтказиш эмас, балки Украина Қуролли кучларини қўллаб-қувватлаш, мамлакат ҳаво ҳудуди хавфсизлигини таъминлаш ва Қора денгизда иқтисодий фаолиятни тиклашга кўмаклашишдан иборат. Машғулотда Франция 1 100, Буюк Британия 300 ҳарбий билан қатнашади. Тадбирга Бельгия, Эстония, Германия, Литва, Нидерландия, Польша, Испания ва Швеция ҳам аскар юборади.
Машқ давомида қуруқлик ва ҳаводаги ҳаракат, қўшинни жойлаштириш, таъминот ҳамда турли давлатлар ҳарбий бўлинмалари ҳамкорлиги синовдан ўтади. Туркия эса Истанбулдан туриб, Қора денгизда эҳтимолий мина тозалаш амалиётларига тайёргарликни моделлаштиради. Машқларда асосан дронлар ва енгил жиҳозлардан фойдаланиш, оғир қуроллар ҳамда танкларни жалб этмаслик режалаштирилган. Ҳарбий раҳбарлар бу кучлар тинчликпарвар ёки ўт очишни тўхтатиш келишувини назорат қилувчи миссия эмаслигини таъкидламоқда. Шунга қарамай, Москва Европа давлатларининг ушбу тайёргарлигини диққат билан кузатиши кутилмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА