Грант танлови ғолибларига тавсиялар берилди
Андижонда давлат гранти танловида ғолиб бўлган лойиҳаларни самарали амалга ошириш, грант маблағларидан мақсадли фойдаланиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди вилоят бўлими ташаббуси билан ўтказилган тадбирда нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Семинарда фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, субсидия, давлат гранти кўринишида молиявий кўмак бериш кўлами йилдан-йилга ортиб бораётганлиги, уларнинг фаоллигини ошириш, мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал этишдаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган зарур ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Тадбирда вилоятдаги фуқаролик жамияти институтларининг давлат грант танловларидаги иштироки, ғолиб бўлган лойиҳаларини самарали амалга ошириш хусусида сўз юритилди.
– Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан жорий йилда эълон қилинган 2 та грант танловида Андижон вилоятидан 100 га яқин ННТ ва фуқаролик жамияти ташкилотлари ўз лойиҳалари билан иштирок этди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди вилоят бўлими раҳбари Зарифахон Аҳмедова. – Танловлар натижаларига кўра, 21 та ташкилот ғолиб деб топилди. Уларнинг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларини амалга ошириш учун Жамоат фонди томонидан грант танловлари бўйича 2 миллиард 760 миллион сўм, 1 та ташкилотга ижтимоий буюртма шаклида 1 миллиард сўм маблағ ажратилди. Ана шу лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга оширилиши билан вилоятдаги қатор муаммолар ўз ечимини топади.

Семинарда мутахассислар томонидан иштирокчиларга лойиҳаларни самарали амалга ошириш, ажратилган маблағларни белгиланган йўналишларда мақсадли сарфлаш, ҳисоботларни юритиш ва электрон шаклда тақдим этиш юзасидан зарур тушунтириш, маслаҳат ва тавсиялар берилди.
Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислар-дан батафсил жавоблар олди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири