50 сотих ер учун 100 минг доллар: Пахтаободда икки мансабдор қўлга тушди
Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган фуқаро туман ҳокими ўринбосари ҳамда Давлат кадастрлари палатаси туман филиали мансабдор шахсининг ваъдаларига ишониб, катта режалар тузади.
Унга ҳокимлик захирасидаги 50 сотих ер майдонини онлайн аукцион савдолари орқали арзон нархда ўз номига расмийлаштириб бериш таклиф этилади.
Бироқ, бу «эзгу таклиф» эвазига 100 минг АҚШ доллари талаб қилиниши фуқаро учун кутилмаган ҳол бўлади.
Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида ушбу икки мансабдор шахс сўралган пул маблағининг 30 минг АҚШ долларини учинчи шахс орқали олаётган вақтда қўлга олинди. Шу тариқа уларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.
Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” ва “г” бандлари ҳамда 211-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА