Грант маблағи эвазига сув танқислиги бартараф этилди
Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат Фондига вилоятнинг Шофиркон тумани “Жилвон” маҳалла фуқаролар йиғини томонидан “Маҳалламизни яшил маконга айлантирайлик” лойиҳаси тақдим этилди.
Мазкур лойиҳа “Жилвон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудини кесиб ўтувчи Шимолий Шофиркон очиқ зовурида сув насоси ўрнатиш, шу орқали дала-деҳқончилик ишларида, айниқса, мавсум жараёнида сув танқислигини бартараф этиб, аҳоли ва фермер хўжаликлари ерларидан кўзланган ҳосилни олиш, томорқа ерларида мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштиришда ҳосилдорлик ва самарадорликни ошириш, аҳолининг турмуш даражаси ҳамда фаровонлигини юксалтириш, уларни камбағалликдан чиқариш, ҳудудни яшилликка буркаб, чўлланишнинг олди олишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

“Жилвон” маҳалла фуқаролар йиғини Шофиркон тумани марказидан 12 километр узоқликда жойлашган. 594 та хонадон, 751 та оиладан иборат маҳаллада 3 минг 129 киши истиқомат қилади. Географик жиҳатдан вилоятнинг шимоли Қизилқум чўлининг пастки қисми Жилвон этагида жойлашган. Ҳудуд ёзнинг жазирамасини, гармселини, қишда эса кучли изғиринни биринчи бўлиб қаршилайди. Тупроғи чўлланишга мойил қум ва шағалдан иборат. Дала-деҳқончилик ишларида айниқса, мавсум жараёнида сув танқислиги сезилиб, аҳоли ва фермер хўжаликлари ерларидан кўзланган ҳосилни етиштиришда муаммолар мавжуд. Ҳудудда доимий равишда чанг ва туз бўронлари содир бўлади. Сув танқислиги сабабли аҳоли томорқа ерларида мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириш қийинчилик туғдиради.

Бу каби муаммолар айниқса, Янги Жилвон қишлоғининг Файзиобод ва Заҳкашбўйи кўчаларида истиқомат қилаётган 80 дан ортиқ оилаларнинг 30 гектар, шунингдек, “Сухроб Солиевич”, “Жилвон жамоли”, “Саъдулло Ўрин” каби фермер хўжаликларининг 50 гектарга яқин ер майдонларини суғоришда яққол сезилади. Бу ҳудуд “Жилвон” канали, Гулистон ариғи (7 км)дан сув ичиши керак, бироқ 15-20 йилдан буён сув етиб келмайди. Натижада мевали ва манзарали дарахтлар қуриб, чорва озуқа экинлари ҳам жиддий талофот кўрмоқда.
Қиймати 60 миллион сўм бўлган мазкур лойиҳа комиссия томонидан ғолиб деб топилди. Фонд маблағлари эвазига Шимолий Шофиркон очиқ зовурида сув насоси ўрнатилди. Натижада сув танқислиги бартараф этилди.
Зариф Комилов, ЎзА