Ғўза парвариши муҳим паллага кирди
Навоий вилоятида жорий йил 31 минг 655 гектар майдонга чигитнинг “Бухоро-102”, “Султон”, “Бухоро-6”, “Бухоро-10” “С-01” навлари экилган бўлиб, униб чиққан ғўза майдонларига биринчи ишлов бериш, чопиқ қилиш, саралаш ва яганалаш, минерал ўғитлар билан озиқлантириш каби долзарб ва кечиктириб бўлмайдиган агротехник тадбирлар амалга ошириляпти.
Вилоят бўйича 22 минг 599 гектар майдонда ғўзалар 1-2-чинбарг, 9 минг 056 гектар майдонда эса 3-4-чинбарг ривожланиш фазаларида ўсмоқда. Ҳозирда бир кунда ўртача 3 минг 340 гектар ғўза майдонида биринчи ишлов бериш агротехник тадбирлари амалга оширилмоқда. Бу жараёнга 683 дона культиватор жалб этилган.
– Бундан ташқари, яганалаш тадбирлари ҳам уюшқоқлик билан олиб борилмоқда, – дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Зулфия Бобоева. – Мавсум бошидан буён Хатирчи туманида 7166 гектар, Қизилтепада 5472, Навбаҳорда 4864, Карманада 3652, Конимех туманида 310 гектар ғўза майдонларида яганалаш ишлари бажарилди. Шунингдек, мавсум бошидан буён вилоят бўйича 29404 гектар ғўза майдони чопиқ қилинди.

Мутахассисларинг фикрига кўра, яганалаш тадбири 3-5 кунга кечиктириб ўтказилса, пахта ҳосили 2-3 центнерга камаяди. 4-5 чинбарг чиқарганда яганалаш тугатилса, ҳосилдорлик янада камаяди. Яна бир жиҳат, ғўза парваришида чуқур юмшатиш ишлари талаб даражасида ўтказилиши керак. Шу мақсадда “Агроинспекция” вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари мутахассислари томонидан айни пайтда далаларда амалга оширилаётган агротхеник тадбирларнинг сифатли бажарилиши назоратга олинган. Шу кунга қадар 7568 гектар майдонда чуқур юмшатиш бажарилган бўлса, бир кунлик кўрсаткич 1273 гектарни ташкил этмоқда.
– Агроинспекция ходимлари томонидан ҳудудларда агротехник тадбирларни кечиктириш ҳолати билан боғлиқ камчиликларга йўл қўйилаётгани аниқланмоқда, – дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси катта инспектори Бурҳон Тўйчиев. – Жумладан, ўрганишлар давомида чопиқ қилиш, яганалаш ишларини сифатсиз бажариш, минерал ўғитлар билан биринчи озиқлантириш ва ғўзани баргидан озиқлантириш ишларида сусткашликка йўл қўйиш каби ҳолатлар учрамоқда. Назорат тадбирларимизда 4 та ҳолатда шундай камчиликлар аниқланиб, маъмурий иш қўзғатилди ва тегишлилиги бўйича туман судларига юборилди. Бундан ташқари, аниқланган камчиликни бартараф этиш юзасидан тегишли ташкилотларга тақдимномалар киритилди. Инспекция ходимлари томонидан жойларда назорат тадбирлари давом этмоқда.
Абдували Бўриев, ЎзА