Ғоялар қанот ёзса – бизнесга йўл очилади
Ёшларнинг илғор ғояларини рўёбга чиқариш, уларни тадбиркорликка жалб этиш ва истиқболли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Чирчиқ давлат педагогика университетида "Креатив ғоялар ярмаркаси" ўтказилди.
Тадбир Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Тошкент вилояти Кенгаши томонидан “Креатив тадбиркор ёшлар” лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Кўргазмада ёшлар ахборот технологиялари, муҳандислик соҳасидаги ишланмалари, маҳсулот ва хизматларини тақдим этиб, уларни ривожлантириш имкониятлари билан ўртоқлашди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Гулшана Худоёрова ва Юлдузой Мамадиёрова, ЎзЛиДеП Тошкент вилояти Кенгаши раиси Тўлқинжон Файзиев, Чирчиқ шаҳар ҳокими Муроджон Абдураҳимов, “Maxam-Chirchiq” АЖ бошқарув раиси Ҳотам Сайдахмедов ҳамда университет ректори Ғофуржон Муҳамедов иштирок этди.
– Лойиҳанинг қамрови кенг, – дейди ЎзЛиДеП Тошкент вилоят кенгаши раиси Тўлқинжон Файзиев. – Унинг доирасида IT ва сунъий интеллект бўйича ўқув курслари, тадбиркорлик ва рекламага оид маҳорат дарслари, “Ёш фермерлар тажриба мактаби”, ҳунармандчилик кўргазмалари ҳамда амалий устахоналар ташкил этилиши назарда тутилган. Бу йўналишлар турли қизиқиш ва қобилиятга эга ёшларга ўз имкониятини синаб кўриш, касб ўрганиш ва даромад манбаини яратишга йўл очади.

Депутатлар иштирокидаги очиқ мулоқотлар ва махсус қабуллар эса ёшларнинг таклиф ҳамда муаммоларини бевосита эшитиш имконини берди. Китоб муҳокамалари, спорт мусобақалари ва кўкаламзорлаштириш акциялари орқали уларнинг маънавий дунёқараши, соғлом турмуш тарзи ва экологик маданиятини ривожлантириш ҳам лойиҳанинг муҳим йўналишларидандир.

Тошкент вилоятининг барча туман ва шаҳарларидаги ёшларни қамраб олишга мўлжалланган мазкур ташаббуснинг аҳамияти шундаки, у ёшларни ўз келажаги учун масъулият олишга, билими ва меҳнати билан янги имкониятлар яратишга чорлайди. Чирчиқдаги ғоялар ярмаркаси ана шу интилишларни намоён этадиган, ташаббусларни амалий мақсадлар билан боғлайдиган майдон бўлди.
Якунда кўргазманинг фаол иштирокчилари эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А. Мусаев, ЎзА