"Google"га қарши "уруш" очганлар сони кўпайди
Европа Иттифоқининг 890 миллион евролик жаримаси “Google” учун янги ҳуқуқий муаммоларга йўл очди. Энди қатор Европа компаниялари етказилган зарар учун қўшимча товон талаб қилишга тайёрланмоқда. Мутахассислар бу даъволарнинг умумий қиймати бир неча миллиард еврога етиши мумкинлигини айтмоқда.
Европа Комиссияси қидирув тизимида компания ўз хизматларига ноқонуний устунлик берганини аниқлади. Шунингдек, дастур ишлаб чиқувчиларга “Google Play” орқали арзонроқ тўлов усулларини таклиф қилишга тўсқинлик қилингани қайд этилди. Брюссел бундай амалиёт рақобат муҳитига зарар етказганини билдирган бўлса, корпорация айбловларни рад этиб, бу қарор маҳсулот сифатига салбий таъсир қилишини илгари сурди.
Сўнгги йилларда бир нечта компания суд орқали йирик миқдорда товон ундиришга муваффақ бўлди. Германияда “Idealo” 465 миллион евро, “Producto GmbH” эса қарийб 107 миллион евро компенсация олди. Италиянинг “Moltiply Group” компанияси қарийб 3 миллиард евро талаб қилмоқда. Швецияда эса “PriceRunner” фойдасига 1,7 миллиард евро миқдорида қарор чиқарилди.
Янги қарор ушбу даъволар учун қўшимча ҳуқуқий асос яратиши мумкин. Европа Комиссияси қоидабузарлик аввал ўйланганидек қисқа муддат эмас, балки кейинги йилларда ҳам давом этганини қайд этди. Бу эса компанияларга янада каттароқ товон талаб қилиш имконини беради. Таҳлилчилар фикрича, яқин ойларда “Google”га қарши янги суд ишлари сони кескин ортиши эҳтимолдан холи эмас.
Мусулмон Зиё, ЎзА