Гонконг супер тўфон арафасида эшикларни тамбаламоқда
23 сентябрь куни жорий йил дунё бўйича кузатилган энг кучли тропик циклон, дея баҳо берилаётган “Рагаса” супер тўфони Гонконгга яқинлашмоқда. Шу боис расмийлар одамларни уйда қолишга чақирди. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар берди.
Ҳудудда аксар йўловчи рейслари 25 сентябргача тўхтатилгани айтилмоқда.
Маҳаллий обсерватория маълумотига кўра, тезлиги соатига 220 кмга етадиган довулли шамол Хитойнинг Гонконг билан чегарадош Гуандун музофоти қирғоғига ҳам жиддий хавф туғдиради.
Маҳаллий ҳукумат аллақачон 770 000 дан кўп одамни хавфсиз жойга кўчирган ва яқин соатларда яна бир миллион киши эвакуация қилиниши кутиляпти. Шунингдек, 700 дан ортиқ рейс, жумладан, Макао ва Тайванга парвозлар бекор қилинди.
С.Раҳимов, ЎзА