Ғолиблар муносиб кутиб олинди
Яқинда Самарқанд вилоятида касб-ҳунар мактаблари ва умумтаълим мактаблари ўртасида “Ёш қутқарувчи - 2026” мусобақасининг Ўзбекистон Республикаси босқичи бўлиб ўтган эди.
Унда Қорақалпоғистон Республикасидан иштирок этган Нукус шаҳри 1-сонли техникумнинг “Жайҳун” жамоаси тенгдошлари орасида алоҳида тайёргарлиги билан ажралиб турди ва фахрли биринчи ўринни эгаллади. Шунингдек, Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани 17-сонли умумтаълим мактаби билан бирга Нукус шаҳридаги 31-сонли умумтаълим мактаби жамоаси ҳам тенгсиз деб топилди.

Нукус темир йўл вокзалида чемпионларни кутиб олишга бағишланган тадбир ўтказилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси ўринбосари Р.Нуразизов иштирок этиб, ғолиб жамоалар аъзоларини эришган юқори натижаси билан табриклади.
Таъкидлаш жоизки, ушбу мусобақада мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган жамоалар ёнғин ўчириш эстафетаси, арқон ёрдамида баландликка кўтарилиш, дор йўлидан ўтиш ва чодир тиклаш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда соҳага оид савол-жавоб шартлари бўйича ўзаро беллашиб, ўзларининг фавқулодда вазиятларда қандай тезкорлик билан ҳаракат қилишларини кўрсатди. Чемпионлар эса ўз тенгдошлари орасида энг юқори натижа кўрсатиб, мусобақа кубогини Нукус шаҳрига олиб келди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири