Глобал терроризм индекси рейтингида Ўзбекистон энг хавфсиз мамлакатлар қаторидаги мавқеини янада мустаҳкамлади
Таъкидлаш лозимки, халқаро экспертлар Ўзбекистонни ушбу рейтингда 2017 йилда 117-ўрин, ўтган йили 132-ўринга жойлаштиришган эди.
Яқинда оммавий ахборот воситаларида Иқтисодиёт ва тинчлик институти томонидан тузилган 2019 йилги Глобал терроризм индексида мамлакатимиз 160 та давлат ичидан 135-ўринни эгаллаб, энг хавфсиз мамлакатлар қаторидаги ўз мавқеини янада мустаҳкамлаганлиги ҳақида хабарлар тарқалди.
Таъкидлаш лозимки, халқаро экспертлар Ўзбекистонни ушбу рейтингда 2017 йилда 117-ўрин, ўтган йили 132-ўринга жойлаштиришган эди.
Ушбу нуфузли таҳлилий тадқиқот маркази томонидан эълон қилинган халқаро рейтинг бўйича мамлакатимиз дунёнинг энг хавфсиз 30 та давлатлар қаторига киритилишига ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари ўз муносабатини билдиришди:
ИИВ Малака ошириш институти кафедра бошлиғи, полковник Баҳодир Улуғбеков:
– Ушбу нуфузли ташкилот томонидан эълон қилинган маълумотларда мамлакатимизнинг юқори поғоналарда қайд этилганини, энг аввало Президентимиз ташаббуслари билан экстремизм ва терроризмга қарши кураш “жаҳолатга қарши маърифат” улуғвор ғояси асосида амалга оширилаётганлигининг натижаси деб биламан.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ишини самарали ташкил этиш, қонунларга ҳурмат руҳини ривожлантириш ҳамда таълим-тарбия орқали ёшларимизнинг қалби ва дунёқарашига ватанпарварлик, элу-юртимизга садоқат туйғуларини сингдириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирларнинг мевасидир.
Қолаверса, ёт ғояларнинг асл моҳияти ва мақсадлари ҳақида аҳолининг, айниқса, ёшларнинг хабардорлик даражасини ошириш, адашиб хатосини англаб етган фуқароларимизга имкон бериш каби хайрли ишлар натижаси сифатида қайд этиш лозим.
ИИВ Малака ошириш институти катта ўқитувчиси, подполковник Жамшид Равшанов:
– Мазкур халқаро эътирофни халқимиз, биринчи навбатда ёшларимизнинг ҳуқуқий ва диний билимларини кучайтириш орқали экстремистик ғоялар тарқалишининг олдини олишга асосланган миллий моделнинг натижаси деб биламан.
Албатта, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, фаровонлик ва миллатлараро ўзаро тотувликнинг қадрига етиш барчамизнинг бурчимиздир.
Тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ, албатта. Бу, авваламбор, ҳукуматимиз томонидан виждон эркинлиги ва диний бағрикенгликни таъминлаш йўлида олиб борилаётган оқилона сиёсат натижаси ҳамдир.
Ўрганишлар диний экстремизм ва терроризмнинг нафақат умумэътироф этилган халқаро қоидалар, давлатларнинг миллий қонунчилиги, балки ислом дини асосларига ҳам зид эканини кўрсатмоқда.
Шундай экан, диний экстремизм ва терроризмга қарши курашда барчамиз ўз масъулиятимизни ҳис этишимиз, огоҳ бўлишимиз, ватанимизнинг келажаги учун жавобгар эканимизни унутмаслигимиз лозим.
ИИВ Малака ошириш институти катта ўқитувчиси, майор Ғайрат Тошқулов:
– Бундай эътирофга лойиқ кўрилишнинг ўзи бўлмайди, албатта. Бунинг ортида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошқа давлат идоралари, жамоат ва диний ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик билан самарали ҳамкорлиги бўйича сермаҳсул меҳнат ётганлигини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз.
Бу ўз навбатида, барчамиздан тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда фаол бўлишни талаб этади.
Зеро, бугунги кунда кўплаб давлатлар хавфсизлик масалаларида таҳликали ҳолатларнинг гувоҳи бўлмоқда. Турли хил низолар, дин ниқобидаги экстремистик ва террористик гуруҳлар томонидан амалга оширилаётган бузғунчилик ишлар, уларнинг фитнаси сабабли юзага келаётган қуролли можаролар натижасида рўй бераётган мудҳиш оқибатлардан тўғри хулоса чиқариш лозим.