Глобал энергетикада Ўзбекистоннинг позицияси мустаҳкамланмоқда
Ўзбекистон учун атом энергетикасини ривожлантириш масаласи бугунги кунда стратегик аҳамиятга эга йўналишлардан бири сифатида қаралмоқда. Бу жараён фақат биринчи атом электр станцияси (АЭС) қурилиши билан чекланиб қолмай, балки мамлакат энергетика тизимини модернизация қилиш, илмий-техник салоҳиятни ошириш ва узоқ муддатли барқарор ривожланишни таъминлаш билан боғлиқ кенг қамровли сиёсатни ифода этади.
Чунки юртимизда электр энергиясига бўлган талаб аҳоли сони ўсиши, саноатнинг кенгайиши ва янги инфратузилма лойиҳаларининг амалга оширилиши натижасида ортиб бормоқда. Шу шароитда фақат анъанавий энергия манбаларига таяниш энергетик барқарорликни тўлиқ кафолатлай олмайди. Шу сабабли, энергия манбалари диверсификацияси, яъни турли генерация турларини уйғунлаштириш давлат энергетика сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда.
Яқинда Обнинск шаҳрида бўлиб ўтган “Обнинск NEW” халқаро атом соҳаси ёшлари форумининг юқори даражадаги пленар сессиясида мазкур масала асосий мавзулардан бири сифатида кўтарилди. “Ўзгараётган дунёда атом энергетикаси: ҳамкорлик учун янги имкониятлар” мавзусидаги муҳокамада халқаро ташкилотлар, давлат идоралари, атом соҳаси ва ёш мутахассислар ҳамжамияти вакиллари иштирок этди.
Пленар сессияда иштирок этган “Ўзатом” агентлиги директори Азим Аҳмедхўжаев ўз нутқида Ўзбекистон атом энергетикаси келажаги бўйича халқаро мулоқотда фақат АЭС қурилиши лойиҳасини амалга ошираётган давлат сифатида эмас, балки технологик ривожланиш, таълим ва кадрлар тайёрлаш масалаларига ҳам фаол эътибор қаратаётган мамлакат сифатида иштирок этаётганига урғу берди.
– Мен бирор алоҳида омилни ажратиб кўрсатмаган бўлардим. Чунки атом энергетикасини ривожлантириш бўйича қарор битта омилга асосланиб қабул қилинмайди. Бу, аслида, барча йўналишлар бир-бирини тўлдириб турадиган стратегик қарорлар мажмуидир. Агар устуворликларни белгилайдиган бўлсак, аввало, энергетик хавфсизликни асосий омиллардан бири сифатида кўрсатган бўлардим. Чунки бугун Ўзбекистон иқтисодиёти жадал ривожланаётган, аҳолиси ва энергияга бўлган эҳтиёжи тез ўсиб бораётган мамлакат. Шу боис, электр энергиясини ишлаб чиқаришда фақат анъанавий ёндашувларга таяниш тўғри йўл эмаслиги ҳақида аниқ тушунча бор. Юртимизнинг энергетика соҳасидаги кун тартиби нафақат истеъмол ҳажмининг ўсиши, балки ресурслардан янада оқилона фойдаланиш зарурати билан ҳам боғлиқ.
Газни фақат электр энергияси ишлаб чиқаришга эмас, балки газ-кимё саноатини ривожлантириш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ҳам йўналтириш мумкин. Бундай шароитда энергетика балансини диверсификация қилиш масаласи стратегик аҳамият касб этади. Иккинчи муҳим омил – бу технологик ривожланишдир. Биз учун атом энергетикаси фақат электр энергияси ишлаб чиқариш эмас. Бу — муҳандислик мактабини ривожлантириш, янги илмий-техник марказлар ва янги рақамли технологиялар деганидир. Учинчи омил эса иқтисодиёт. Атом энергетикаси катта бошланғич инвестицияларни талаб этади, бироқ бу иқтисодий ривожланиш учун узоқ муддатли, ишончли ва истиқболли асос яратади, – дея қайд этди А.Аҳмедхўжаев.
Ўзбекистон атом дастурига хорижий ҳамкорлар ҳам қизиқиш билдирмоқда. Геосиёсий вазиятдаги мураккабликларга қарамай, дунёнинг етакчи давлатларидаги компаниялар мамлакатимизда икки кичик модулли “РИТМ-200Н” реактори ва икки йирик энергоблокни ўз ичига олган интеграциялашган АЭС лойиҳаси қандай амалга оширилаётганини диққат билан кузатиб бормоқда. “Ўзатом” раҳбарининг изоҳлашича, бундай қизиқиш кўп жиҳатдан дата-марказларни барқарор электр энергияси ишлаб чиқариш манбаларига яқин ҳудудларда жойлаштириш имконияти билан боғлиқ.
Пленар сессияда “Росатом” давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв Марказий Осиё давлатларида аҳоли сони ва иқтисодиёт жадал ўсиб бораётганини таъкидлаб, Ўзбекистондаги ўсиш суръатларини атом соҳаси учун илҳомлантирувчи мисоллардан бири сифатида қайд этди. Пленар сессия якунида Лихачёв Тошкент шаҳридаги “Москва муҳандислик-физика институти” Миллий тадқиқот ядро университети филиали АЭС қурилиши бўйича шартномалар ҳали имзоланмасидан аввал очилганини ҳам эслатиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, бу йирик атом лойиҳаларини амалга оширишда зарур бўлган ишонч муҳитини шакллантирган омиллардан бири бўлди.
Форумда ёшлар мавзусига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. “Impact Team 2050” халқаро ёшлар маслаҳат кенгашида Ўзбекистон номидан Тошкент шаҳридаги “Москва муҳандислик-физика институти” Миллий тадқиқот ядро университети филиали талабаси Муҳиддин Умидов иштирок этди.
– Ўзбекистон атом соҳаси ёшлари номидан сўзга чиқиш мен учун катта шараф. Бу мавзу мен учун алоҳида аҳамиятга эга. Ишонч билан айта оламанки, атом соҳасини ривожлантириш шунчаки йирик технологик лойиҳа эмас, балки минтақа учун янги давр демакдир. Ёшлар учун бу назарий билимларини амалиётда қўллаш, ишончли, хавфсиз ва экологик тоза энергетика тизимини яратишда иштирок этиш имкониятидир, – деди у.
Таъкидлаш керакки, халқаро майдонларда ёш мутахассисларимизнинг фаол иштироки атом энергетикаси соҳасининг келажакда фақат давлатлараро келишувлар ва йирик инфратузилма лойиҳалари доирасида ривожланиб қолмаслигини, балки инсон капитали ва касбий салоҳиятнинг муҳим омили сифатида ҳам шаклланиб боришини яққол намоён этмоқда.
Умуман олганда, бу каби ташаббуслар атом энергетикаси соҳасининг келажакда нафақат инфратузилма ва технологик йўналиш сифатида, балки инсон капитали, билим ва халқаро ҳамкорликка таянадиган глобал тизим сифатида изчил ривожланиб боришини тасдиқлайди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА