Гиёҳвандликка қарши қатъий қадам
Ўзбекистонда гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши кураш янги босқичга чиқмоқда. 2026 йил 11 июнда қабул қилинган ЎРҚ–1151-сонли Қонун замонавий наркотижорат усулларига қарши ҳуқуқий механизмларни кучайтириш, аҳоли саломатлиги ва ёшлар келажагини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим ҳужжат бўлди.
Гиёҳвандлик инсониятнинг энг оғриқли муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Айниқса, синтетик наркотикларнинг интернет орқали тарқатилиши, яширин нарколабораториялар фаолиятининг кенгайиши бу таҳдидни янада кучайтирмоқда. Шу боис Ўзбекистонда наркожиноятчиликка қарши курашиш бўйича ҳуқуқий асослар изчил такомиллаштирилмоқда.
Янги Қонуннинг муҳим жиҳатларидан бири Жиноят кодексида “Аҳоли саломатлиги ва генофондига қарши жиноятлар” деб номланган алоҳида бобнинг жорий этилганидир. Бу гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларга энди нафақат ҳуқуқбузарлик, балки миллат келажагига таҳдид сифатида қаралаётганини англатади.

Сўнгги тўрт ойда мамлакатда 14 та яширин нарколаборатория фош этилгани хавф кўламини яққол намоён этмоқда. Шу муносабат билан Жиноят кодексига киритилган 276¹-моддага мувофиқ, ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш ёки унинг фаолиятини таъминлаш учун 5 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.
Шунингдек, наркотик воситаларнинг ноқонуний муомаласига мансаб ваколатларидан фойдаланиб ҳомийлик қилиш ёки бундай жиноятларни яширишга кўмаклашиш учун ҳам 5 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси жорий этилди. Бу наркотик бизнес билан боғлиқ ҳар қандай коррупциявий ҳолатларга нисбатан муросасиз ёндашувнинг ҳуқуқий ифодасидир.
Қонун бангихоналарга қарши кураш чораларини ҳам кучайтирди. Гиёҳвандлик воситалари ёки кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилиш ва тарқатиш учун бангихона ташкил қилиш ёки сақлаш алоҳида жиноят таркиби сифатида белгиланиб, бу қилмиш учун 3 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилди.
Ёшларни ҳимоя қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Вояга етмаганларни кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилишга жалб этганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Таълим муассасалари, талабалар турар жойлари ва болалар оромгоҳлари ҳудудида бундай қилмишларни содир этган шахсларга нисбатан 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади.
Қонунчиликдаги энг аҳамиятли ўзгаришлардан яна бири Жиноят кодексининг 273-моддасига киритилди. Унга кўра, “сотиш” тушунчаси кенгроқ мазмунга эга бўлган “ўтказиш” атамаси билан алмаштирилди. Натижада наркотик моддаларни пул эвазига сотиш, текинга бериш, айирбошлаш ёки интернет орқали “закладка” усулида тарқатиш бир хил ҳуқуқий баҳоланади. Бундай қилмишлар учун 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартишларга мувофиқ, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки кучли таъсир қилувчи моддаларни жамоат жойларида истеъмол қилганлик учун 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланилади.
Статистик маълумотларга кўра, сўнгги тўрт йилда наркожиноятларни такроран содир этган шахслар сони 125 фоизга ошган. Шу сабабли айрим ўта оғир наркожиноятлар учун муддатидан илгари шартли озод қилиш тартиби ҳам чекланди.
Мазкур Қонуннинг асосий мақсади жазони оғирлаштириш эмас, балки жамиятни ҳимоя қилиш, ёшларни асраш ва миллат саломатлигини таъминлашдан иборат. Зеро, гиёҳвандликка қарши кураш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг эмас, балки бутун жамиятнинг умумий вазифасидир.
Отабек Эрназаров,
Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг судьяси
ЎзА