“Ақлли сув” назорати самарадорликни оширмоқда
Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва соҳани рақамлаштириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бирига айланган. Сирдарё–Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида ўтказилган амалий семинар ана шу мақсадларга хизмат қилиб, “Ақлли сув” ва “Дайвер” қурилмаларининг самарали ишлашини таъминлаш, улар орқали олинаётган маълумотлар сифатини янада ошириш масалаларига бағишланди.
Унда гидротехник иншоотларга ўрнатилган “Ақлли сув” ва “Дайвер” қурилмаларининг ишончли фаолиятини таъминлаш, уларни техник кўрикдан ўтказиш, маълумотларни онлайн қабул қилиш ҳамда юзага келиши мумкин бўлган техник носозликларни бартараф этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбирда Сув хўжалигини рақамлаштириш ва мониторинг маркази мутахассислари иштирок этишиб, соҳада амалга оширилаётган рақамли трансформация жараёнлари ҳақида батафсил маълумот беришди. Шунингдек, қурилмаларнинг ишлаш механизми, улардан самарали фойдаланиш усуллари, техник носозликларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш бўйича амалий тавсиялар тақдим этилди.

Семинар давомида гидротехник иншоотлардаги қурилмалардан келиб тушаётган маълумотларни онлайн платформага узлуксиз ва аниқ узатишнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди. Мутахассислар тизимнинг барқарор ишлашини таъминлаш, қурилмаларнинг хизмат муддатини узайтириш ва эҳтимолий носозликларнинг олдини олишга қаратилган профилактик техник хизмат кўрсатиш чоралари хусусида ҳам атрофлича тўхталишди.

Қайд этилганидек, рақамли технологияларнинг сув хўжалигига кенг жорий этилиши сув ресурсларини самарали бошқариш, тезкор мониторинг олиб бориш ва қарор қабул қилиш жараёнларининг аниқлигини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олишди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА