Гиёҳвандликка қарши курашиш чоралари муҳокама қилинди
Сурхондарё вилоятида гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш, бу иллатнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар изчил давом эттирилмоқда. Шу мақсадда Термиз шаҳар ҳокимлигида учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлигининг масъул ходими ҳамда ҳудудий комиссия аъзолари иштирок этди.
Йиғилишда гиёҳвандликнинг жамият, айниқса, ёшлар ҳаёти ва келажагига салбий таъсири, шунингдек, унинг билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.
Вилоят аҳолиси, хусусан, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, гиёҳвандликка қарши профилактик ишларни кучайтириш ва уларнинг самарадорлигини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Тадбирда мазкур йўналишда белгиланган вазифалар ижроси ҳам танқидий кўриб чиқилди. Айрим ташкилот ва идораларда ишлар тизимли йўлга қўйилмагани, топшириқлар ижросида расмиятчиликка йўл қўйилаётгани қайд этилди. Бу борада масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва амалий чораларни кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ жиноятларнинг сабаб ва оқибатлари, уларнинг олдини олишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берилди. Ҳудудларда тарғибот-ташвиқот ишларини кенгайтириш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий билими ва огоҳлигини ошириш юзасидан тавсиялар билдирилди.
[gallery-31909]
Учрашув якунида профилактик тадбирларни нафақат ўқувчи ва талабалар, балки уюшмаган ёшлар ўртасида ҳам ташкил этишга келишиб олинди. Шу мақсадда спорт мусобақалари ва маданий тадбирлар ўтказиш орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш зарурлиги қайд этилди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА