Германияда робот дирижёрлик қилди
Дрезден симфоник оркестри жамоанинг 25 йиллиги муносабати билан санъат ва технология уйғунлигини намойиш этувчи “Roboter.Sinfonie” жаҳон премьерасини тақдим этди.
Оркестр расмий сайти “Хеллерау” фестиваль зали саҳнасида “Co-Bot” исмли робот мусиқачиларга дирижёрлик қилди. Дрезден техника университетидаги “CeTI” мукаммал кластери билан ҳамкорликда яратилган, “MAiRA Pro S” деб номланган ушбу технологик мўъжиза инсон-дирижёр имкониятидан юқорироқ мураккаб мусиқий талқинни мувофиқлаштиришга қодир уч қўлли ижодкор тимсолида намоён бўлди.

Муаллиф, робот-қурилмалар ишлаб чиқарувчи Тобиан Спенс айтишича, машинанинг сиртдан енгил кўринадиган ҳаракати, аслида, ақл бовар қилмайдиган даражада шиддатли. Ихтирочи жозибали кўриниш ва робот учун хос хусусият ўртасидаги мувозанатни топишга ҳаракат қилган.
Оркестр раҳбари Маркус Риндт механик дирижёрни бошқариш учун атай сунъий интеллектдан фойдаланмасликка қарор қилди. Шунинг учун “MAiRA Pro S” одамдан сабоқ олди. Ҳаракат симуляция қилинган ва оддий ўтказгич ишини кузатиш учун махсус қўлқоп ёрдамида машинага узатилган. Роботнинг қўллари етти асос-бўғим ёрдамида жуда силлиқ ҳаракат қилади ва бир кун олдин машқда ўрганилган барча ҳаракатни аниқ такрорлайди.

Дарвоқе, жамоа дирижёрларни машина билан алмаштириш ниятида эмас, асло! Зеро, ижодий ишни инсон, барибир, ҳар доим яхшироқ бажариши табиий. Мусиқий ижрода ҳиссиёт, юз ифодаси ва бошқа ўзига хос омиллар ҳам бор.
– Масалан, Бетховенни ижро этиш учун бундай робот керак бўлмайди, бефойда, – дейди Риндт. Бу асарда эса одам бажариши қийин бўлган, инсон имкониятидан ташқари куч талаб қиладиган турли хил темп, тартибсиз ритм қўлланган.
М.Пирматова, ЎзА