Германияда Ўзбекистон стенди ташкил этилди
Берлин шаҳридаги йирик “Station” кўргазма марказида Кичик ва ўрта бизнес корхоналари федерал уюшмаси йиллик конгресси бўлиб ўтди.
Европанинг ушбу йирик давлатидаги элчихонамиз маълум қилишича, анжуманда миллий стендимиз ташкил этилди.
“Кичик ва ўрта бизнес келажак сари” шиори остида ташкил этилган тадбирда беш мингдан зиёд кичик ва ўрта бизнес, ишбилармон доира вакиллари, йирик сармоядорлар, шунингдек қатор вазирликлар раҳбарлари, сиёсий партиялар етакчилари, 50 дан ортиқ давлат элчилари қатнашди.
Ўзбекистон стенди ёнида иштирокчиларга юртимизнинг иқтисодий-сармоявий, туризм салоҳияти, республикамизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Мулоқот чоғида мамлакатимиз билан ҳамкорлик қилиш истагини билдирган салоҳиятли компаниялар билан кимё, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, ахборот технологиялари, туризм, касб-ҳунар таълими ва транспорт соҳаларида лойиҳалар йўлга қўйиш мақсадида музокара олиб борилди.
Компьютер технологиялари соҳасида етакчи саналган “AMD“ компанияси мамлакатимиз билан процессор, митти схема ишлаб чиқариш, “Edu-WorldWide” компанияси касбий ва дуал таълим, Халқаро мутахассислар учун немис компетенция маркази (DKF) эса соғлиқни сақлаш ва ҳамшираларни ишга ёллаш бўйича ҳамкорликка қизиқиш билдирди.
Айтиш жоиз, кичик ва ўрта бизнес немис иқтисодиёти ўзагини ташкил этади ва банд иш ўринларининг 70 фоизини қамраб олган. Германияда бундай корхоналар янги ғоялар генератори сифатида тан олинади. Инновация ва патентларнинг 75 фоизи кичик ва ўрта бизнес вакиллари ҳиссасига тўғри келади.
“Gabec” GmbH компанияси менежери Торстен Клаус немис тадбиркорлари кунида Ўзбекистоннинг иштироки ҳақида шундай деди:
– Компаниямиз ўрта бизнес субъекти саналади. Айни пайт Ўзбекистон билан бир қатор лойиҳалар амалга оширяпмиз. Тошкентда ваколатхонамиз бор. Ҳар икки томон ўрта бизнес субъектларини ҳамкорликка чорлаймиз. Уларга билим ва тажрибамиз билан кўмаклашишга тайёрмиз. Ўйлайманки, Германия Ўзбекистон бозоридаги ўрнини янада мустаҳкамлайди.
“AMD“ компанияси компьютер технологиялари соҳасида етакчи саналади. Ушбу корхона процессор, митти схема, график карта ишлаб чиқаради.
– Кўргазмада иштирок этиб, компьютер технологиялари соҳасида муваффақиятли фаолият олиб бораётган кўплаб кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашиш, алоқа ўрнатиш, тажриба алмашиш имконига эга бўлдик, – дейди корхонанинг маркетинг бўйича директори Кристиан Дотцауэр. Бугунги кунда сунъий интеллектнинг аҳамияти ортиб бормоқда. Эндиликда муваффақиятни таъминлаш, маҳсулдорликни ошириш ва кўпроқ маҳсулот сотиш сунъий интеллект имконияти ва талабини ўзлаштиришни тақозо этяпти. Шу маънода биз бугун кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан халқаро даражада муносабат ўрнатишга эришганимиздан мамнунмиз.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади.
ЎзА