Германияда номаълум шахс оломон устига машина ҳайдади
Германиянинг Лейпциг шаҳрида юз берган автоҳалокат икки кишининг умрига зомин бўлди, деб хабар бермоқда "BBC" нашри.
Таъкидланишича, енгил автомобиль пиёдалар гавжум бўлган Гриммаише кўчасида оломон ичига кириб борган. Шаҳар ўт ўчириш хизмати раҳбари Аксел Шуҳнинг маълум қилишича, ҳодиса оқибатида жами 22 киши жароҳатланган.
Лейпциг мэри Бурхард Юнгнинг сўзларига кўра, жиноятни содир этишда гумон қилинган 33 ёшли ГФР фуқароси воқеа жойида қўлга олинган. Расмийлар ҳайдовчининг муқаддам руҳий касалликдан азият чекканини қайд этди. Прокуратура вакиллари тергов жараёни қотилликка уриниш моддалари бўйича олиб борилаётганини билдирди.
Гувоҳларнинг айтишича, автомобиль юқори тезликда ҳаракатланиб, тўсиқларга урилиб тўхтаган. Воқеа жойида одамлар қочишга уринган ҳайдовчини ушлаб қолишга ҳаракат қилишган, шундан сўнг полиция ходимлари етиб келиб жиноятчини ҳибсга олган.
Сўнгги йилларда ушбу ўлкада транспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилган ҳужумлар тез-тез кузатилмоқда. Хусусан, 2024 йил декабрида Магдебургдаги Рождество бозорида юз берган шунга ўхшаш фожиа олти кишининг ҳаётига зомин бўлган эди. Ҳукумат Лейпцигдаги воқеа якка тартибдаги жиноятчи томонидан содир этилгани ва жамоат хавфсизлигига бошқа таҳдид йўқлигини маълум қилди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА