Геотехнологиялардан самарали фойдаланиш
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида Геотехнология, кончилик ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш” мавзусида халқаро SCOPUS конференцияси бўлиб ўтди.
Олий таълим соҳасида фаолият олиб бораётган педагоглар илмий салоҳиятини оширишда халқаро конференцияларнинг ўрни жуда муҳим. Шу боис Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида геотехнологиянинг қатор соҳалари юзасидан долзарб масалаларга бағишланган халқаро анжуманлар ўтказилиб келинмоқда.

– Конференциядан кўзланган мақсад кон-металлургия саноатида конларни ўзлаштиришда техник ишланмалар ва энергия самарадорлигини жорий этиш бўйича илмий-тадқиқотларни муҳокама қилиш, инновацион ишланмаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш бўйича далилларга асосланган хулоса ва тавсиялар тақдим қилишдан иборат, – дейди университет ректори, техника фанлари доктори Бахтиёр Мардонов. – Илк бор ташкил этилган “GeoTech – 2023” анжуманга юртимиз олимларидан ташқари, Туркия, Россия, Хитой, Қозоғистон, Япония, Жанубий Корея олимлари томонидан геотехнология, геоэкология, геокимё, минерал хом ашёни бойитиш, кимёвий қайта ишлаш, металлургия, кон-металлургияда энергетика, кон машинасозлиги, геоэлектромеханика каби 9 шўъба бўйича 150 га яқин мақолалар келиб тушди. Сараланган илмий ишланмалар китоб ҳолида чоп этилади.

Табиий ресурсларга бой Навоий вилоятида кончилик саноати муҳим ўрин тутади. Бугунги кунда мазкур соҳадаги ишлаб чиқариш муаммолари юзасидан халқаро тажрибаларнинг ўрганилаётгани маҳаллий олимларимиз салоҳиятини оширибгина қолмай, кончилик саноати тараққиётига ҳам хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА