Гендер зўровонлик сабаблари нимада?
Гендер тенгсизлик – гендер зўровонликка замин яратаётгани айтилди Кумушконда ўтаётган форумда.
Олий Мажлис Сенати, Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ва Миграция бўйича халқаро ташкилот (МХТ)нинг Ўзбекистондаги мувофиқлаштирувчиси ҳамкорлигида ташкил этилган “Оммавий ахборот воситалари вакиллари учун одам савдоси, мажбурий меҳнат ва гендер тенглик масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи форуми”да шу каби муаммоларга ечим изланди.
Шу йўналишда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ўз фаолиятида дуч келаётган муаммоли ҳаётий масалаларни иштирокчилар эътиборига ҳавола қилди.
Республика “Истиқболли авлод” ижтимий-ахборот маркази Жиззах вилояти бўлими раҳбари, Жиззах вилояти реаблитация қилиш ва мослаштириш маркази директори Назифа Камолова 15 ёшли қиз билан бўлган аянчли воқеага тўхталди.
Қисқача айтганда, вояга етмаган қизни ўз отаси олти ой давомида жинсий эсплуатация қилиб келган. Бу ҳам етмагандай ўз фарзандини бошқа эркакларга “тавсия” ҳам қилган.
Айтсам тилим, айтмасам дилим куяди, дейди буни эшитган ҳар қандай одам. Бундай воқеларни оммага очиқ айтиш ҳаммадан кўра қиз тақдирига салбий таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Бошқа томондан бундай воқеликлар очиқланиши жамият маънавий ҳаётига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Ахир халқимизда “қовун қовундан ранг олади”, деган пурмаъно ҳикмат ҳам бор.
Воқеа илдизларига назар ташланганда эса оиладаги носоғлом муҳитни кўриш мумкин. Қаердадир оилада шундай инқироз юз бердими, демак маҳалла муҳити соғлом эмас. Бунинг касри эса туман, вилоят, мамлакат даражасигача чиқиб боради...
Форумда давомида Назифа Камолова жабрланувчи қизнинг кейинги ҳаётида нодавлат ташкилотлар қандай ёрдам кўрсатгани ҳақида сўзлаб берди. Тажовузкор эркакка жиноят иши очилган, қизнинг, оиланинг кейинги ҳаётида таъна-дашномларга учрамаслиги учун юқори ташкилотлар кўмагида бошқа туманга кўчирилган. Бундан ташқари, мазкур марказ жорий йилда 2000 дан зиёд шу каби ва бошқа мурожаатлар ечими доирасида уларга амалий ёрдам кўрсатилган.
Тадбир давомида жамиятда учраётган зўровонлик ҳолатларига қарши курашишда гендер тенгликни таъминлаш бўйича давлат идоралари билан бир қаторда нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳам фаол ёрдам бераётгани алоҳида қайд этилди.
Уларнинг фаолияти давлат томонидан, халқаро ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланаётани эътиборга лойиқ.
- Гендер тенглик мавзусини ёритишда масаланинг моҳиятини назарда қочирмаслик керак, - деди Миграция бўйича халқаро ташкилот (МХТ)нинг Ўзбекистондаги мувофиқлаштирувчиси Санжарбек Тошбоев. – Гендер – бу аёл билан бир қаторда эркакнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишни назарда тутади. Бошқача айтганда, “гендер – тенг” маъносини англатади. Бу мавзу ҳақида сўз кетганда, кўпроқ аёллар ҳуқуқи устуворлигига урғу берилиши жамиятда нотўғри тушунча пайдо бўлишига олиб келмаслиги керак. Аёллар ва эркаклар барча ҳуқуқларидан ўз ўрнида тўғри фойдаланиши керак. Зеро, халқаро ҳуқуқ нормалари умумий характерида инсон ҳуқуқлари тушунчаси мавжуд ва бу барчага тааллуқли.
Дарҳақиқат, гендер тенглик ҳақида сўз кетганда, кўпроқ аёллар ҳуқуқи таъминланиши кераклиги ҳақидаги фикрлар илгари сурилади. Амалда эса ҳали ҳам аёлга буюм ёки хизматкор сифатида қараш ҳолатлари йўқ эмас. Гарчи давлат даражасида масала эътиборга олиниб, маъулиятли лавозимларга тайинланаётган хотин-қизлар кўпаяётган бўлса ҳам, юқорида айтилганидек, аянчли ҳолга тушаётган хотин-қизлар йўқ эмас. Айнан шу нуқталардаги тенгсизлик эса зўровонликка замин яратмоқда.
Форум давомида гендер тенглик жамиятда керакми-йўқми, деган мавзуда интерфаол ўйинлар ташкил этилди. Иштирокчилар икки жамоага бўлиниб, гендер тенгликка бўлган жамиятдаги қарашлар, қонунчиликда назарда тутилган жиҳатлар ҳақида мулоҳазаларини билдирди.
Якунда гендер тенглик тарафдорларида ҳали ҳам масала моҳиятини очиб беришда камчиликлар борлиги кўзга ташланди. Айнан шу камчиликларни бартараф этиш учун ҳам мазкур форум ташкил этилди. Кўриб чиқилган мавзу бўйича форум якунида мутахассислар ўз тавсияларини беради.
Тадбир давом этмоқда.
Норгул Абдураимова, ЎзА