Илмдан амалий натижалар сари!
Дунёни ўзгартираётган энг катта куч — инсон тафаккуридир.
Бугун мамлакатларнинг қудрати фақат табиий бойликлари ёки иқтисодий имкониятлари билан эмас, балки илм-фанга муносабати, янги ғоялар яратиш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш салоҳияти билан ҳам белгиланмоқда.
Сунъий интеллект, технологик инқилоблар, экологик ва ижтимоий муаммолар инсоният олдига мутлақо янги вазифаларни қўймоқда. Бундай даврда илм шунчаки тараққиёт воситаси эмас, балки келажакни белгилайдиган муҳим кучга айланмоқда. Шу боис маърифатпарвар аждодларимиз илгари сурган “Илмдан бошқа нажот йўқ” ғояси бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Аксинча, замоннинг ўзи бу ҳақиқатни қайта-қайта тасдиқламоқда.
Зиёли ким? Фақат кўп китоб ўқиган, илмий даража ёки юксак лавозимга эга инсонми? Жаҳон тафаккури намояндалари бу тушунчага анча кенг маъно берган. Италиялик мутафаккир Антонио Грамши зиёлиларни жамиятнинг маданий ва ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этувчи куч сифатида талқин қилган. Америкалик олим Эдвард Саид зиёлининг мустақил фикрлаши ва жамоатчилик олдидаги масъулиятига алоҳида эътибор қаратган. Социолог Роберт Мертон эса илм-фаннинг холислик, очиқлик ва танқидий фикрлашга таяниши зарурлигини асослаган. Бу қарашлар бир муҳим ҳақиқатга ишора қилади: зиёлилик фақат билимга эгалик қилиш эмас, балки шу билим билан жамият ҳаётида ижобий ўзгаришлар қилишга интилишдир.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтган Ўзбекистон зиёлилари билан бўлган учрашувларда ана шу масъулиятни яна бир бор кун тартибига олиб чиқди. Бу одатий анжуманлардан фарқли равишда, турли авлод ва касб вакилларини бирлаштирган, ҳудудлардаги интеллектуал имкониятларни умумий мулоқот майдонига олиб чиққан ўзига хос ташаббус бўлди. Олимлар, устозлар, ижодкорлар ва тадқиқотчилар жамият ҳаётига дахлдор масалалар юзасидан ўз қарашларини билдирдилар, янги ғоя ва таклифларни илгари сурдилар. Энг муҳими, ушбу учрашувлар зиёлиларнинг жамиятдаги ўрни фақат билим бериш билан чекланмаслиги, улар тараққиёт жараёнларининг фаол иштирокчиси бўлиши зарурлигини кўрсатди.
Бу жараёнга таҳлилий назар ташласак, яна бир муҳим жиҳат кўзга ташланади. Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос муаммолари, тажрибаси ва интеллектуал имкониятлари бор. Уларни бир майдонда муҳокама қилиш эса маҳаллий ташаббусларни умуммиллий ғояларга айлантириш имконини беради. Ақлий марказлар фаолиятида ҳам айнан шу ёндашув муҳим: муаммони чуқур ўрганиш, турли фикрларни умумлаштириш ва илмий асосланган ечимлар таклиф этиш. Шу маънода, Зиёлилар билан ташкил этилган учрашувларнинг аҳамияти фақат ўтказилган учрашувлар билан эмас, балки уларда туғилган ғояларнинг кейинги тақдири билан ҳам белгиланади. Чунки энг яхши ташаббус — қоғозда қолмаган, одамлар ҳаётида ўз ифодасини топган ташаббусдир.
Бугун дунё илм-фанида чегаралар тобора нисбийлашмоқда. Бир мамлакатда яратилган кашфиёт бошқа қитъадаги инсонлар ҳаётини ўзгартириши, бир соҳадаги илмий янгилик бошқа соҳада янги имкониятлар очиши мумкин. Экология, тиббиёт, таълим, рақамли технологиялар ва ижтимоий тараққиёт билан боғлиқ масалалар олимларнинг ўзаро ҳамкорлигини талаб этмоқда. Ўзбекистон зиёлилари ҳам бу жараёнларнинг фақат кузатувчиси эмас, фаол иштирокчиси бўлиши муҳим. Бунинг учун халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш, миллий тадқиқотларни жаҳон илм-фани билан боғлаш, ёшларни изланишга руҳлантириш ва энг муҳими, илмий ғояларни жамият эҳтиёжларига хизмат қилдириш зарур. Зеро, илмнинг миллати йўқ, аммо унинг равнақига ҳисса қўшадиган ҳар бир миллатнинг ўз ўрни бор.
Янги Ўзбекистон зиёлилари — бу фақат билимли инсонлар эмас, балки ўз билими, тафаккури ва ташаббуслари билан мамлакат келажагига дахлдорликни ҳис этадиган авлоддир. Улар миллий илмий ва маънавий меросга таянади, дунёдаги янгиликларга очиқ бўлади, мустақил фикрлайди ва жамиятга наф келтиришни ўзининг муҳим вазифаси деб билади. Бугун улар олдида катта имконият ва масъулият турибди: илмни ҳаётга яқинлаштириш, ғояларни амалий натижага айлантириш, ёшларга изланиш ва кашфиёт йўлини очиш. Зеро, келажакни фақат орзу қилиш камлик қилади. Уни билим, меҳнат ва тафаккур билан яратиш керак. Янги Ўзбекистон зиёлиларининг энг муҳим вазифаси ҳам ана шунда.
Жамшед Жураев
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари