Газлида аёллар учун янги имкониятлар
Баъзи шаҳарларнинг тарихини бинолари, кўчалари ёки саналар билан ўлчаб бўлмайди. Уларнинг ҳақиқий тарихи — шу заминда яшаб, меҳнат қилиб, уни обод этган инсонлар тақдирида намоён бўлади. Бу йил ўзининг 70 йиллик қутлуғ юбилейини нишонлаётган Бухоро вилояти Ромитан тумани Газли шаҳри ҳам ана шундай манзиллардан.
Бир вақтлар чўл бағрида газ конлари билан танилган Газли бугун янги қиёфа касб этмоқда. Шаҳарда ободонлаштириш, инфратузилмани яхшилаш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш билан бир қаторда, инсон қадрини юксалтиришга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.
Айниқса, аҳолининг бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини ошириш, янги касбларга ўқитиш ва тадбиркорликка кенг жалб этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар бугун ўзининг амалий натижаларини бермоқда.
Газлининг 70 йиллик юбилейи арафасида ишга туширилган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш маркази эса ана шу эзгу ишлар силсиласининг яна бир муҳим бўғини бўлди.
Бугун мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш, бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
Давлат раҳбари ташаббуси билан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу сиёсатнинг энг муҳим жиҳатларидан бири — ҳар бир хотин-қизга ўз салоҳиятини намоён этиши, касб эгаллаши ва мустақил даромад топиши учун шароит яратишдир.


Зеро, ишли аёл — фақат ўзининг эмас, бутун оиланинг иқтисодий барқарорлиги демак. Касб эгаллаган хотин-қиз эса ўз келажагига ишонч билан қарайди, фарзандларига намуна бўлади, маҳалла ва жамият ҳаётида фаол иштирок этади. Газли маҳалласида янги марказнинг ташкил этилиши ана шу тамойилнинг ҳаётий ифодасидир.
Янги марказда 100 нафардан ортиқ хотин-қизни касб-ҳунарга ўқитиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган. Уларнинг 85 нафари тикувчилик, 10 нафари ҳунармандчилик, 10 нафари ярим тайёр маҳсулотлар тайёрлаш, яна 5 нафари аёллар сартарошлиги йўналишларида касб эгаллайди. Бир қарашда бу рақамлар оддий статистикадек туюлиши мумкин. Аммо уларнинг ҳар бири ортида алоҳида инсон тақдири, бир оила келажаги, бир хонадоннинг қувончи бор. Кимдир бу ерда тикувчилик сирларини ўрганиб, ўз уйида кичик цех ташкил этиши мумкин. Яна кимдир ҳунармандчилик орқали ўз маҳсулотини яратиб, бозорга чиқади. Бошқаси сартарошлик касбини эгаллаб, хизмат кўрсатиш соҳасида ўз ўрнини топади. Энг муҳими, марказ фаолияти фақат касб ўргатиш билан чекланмайди. Бу ерда хотин-қизларга эгаллаган касби бўйича иш топиш, ўзини ўзи банд қилиш ёки тадбиркорлик фаолиятини бошлашда амалий кўмак кўрсатилади. Демак, марказдаги таълимнинг мантиқий давоми — реал иш, барқарор даромад ва иқтисодий мустақиллик.


Газли каби олис ҳудудда бундай марказнинг иш бошлаши алоҳида аҳамиятга эга. Чунки имкониятнинг инсонга яқинлашиши — унинг қадрини янада оширади.
Энди хотин-қизлар касб ўрганиш учун узоқ масофаларни босиб ўтиши, иш излаб бошқа ҳудудларга бориши шарт эмас. Зарур шароитнинг ўзи маҳаллага кириб келди. Бу эса вақтни тежайди, харажатларни камайтиради, энг муҳими, хотин-қизларга оилавий мажбуриятларини бажарган ҳолда касб эгаллаш ва меҳнат қилиш имконини беради.
Маҳалла — инсон ҳаётига энг яқин бўлган маскан. Шу боис аҳолининг муаммоси ва эҳтиёжини айнан маҳалланинг ўзида ҳал этишга қаратилган бундай ёндашув жамиятда ижтимоий барқарорлик ва фаровонликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Марказ номидаги икки тушунча — бандлик ва саломатлик — бежиз бирлаштирилмаган. Чунки инсоннинг фаровон ҳаёти фақат даромад билан эмас, соғлом ҳаёт тарзи билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Шу боис марказда хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш ва уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш билан бир қаторда, саломатликни мустаҳкамлаш, профилактик тадбирларга жалб этиш ҳамда саломатлик билан боғлиқ масалаларда зарур кўмак кўрсатиш имкониятлари кенгайтирилади. Яъни бу маскан оддий ўқув ёки иш билан таъминлаш нуқтаси эмас. У хотин-қизларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган яхлит тизимнинг маҳалладаги амалий кўринишидир.
Бугун Бухоро вилоятидаги 516 та маҳалланинг 350 тасида хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари ташкил этилган. Газли маҳалласида иш бошлаган янги марказ ҳам ана шу кенг қамровли тизимнинг мантиқий давомидир. Мазкур ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 декабрдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда 2022 йил 21 сентябрдаги “Хотин-қизлар бандлигини ошириш ва саломатлигини мустаҳкамлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида амалга оширилмоқда.


Бу ҳужжатлар замирида турган асосий мақсад — хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, уларга касб эгаллаш ва муносиб меҳнат қилиш учун кенг имкониятлар яратишдир. Газлидаги марказ эса ушбу мақсадларнинг қоғоздаги вазифа эмас, балки одамлар ҳаётида ўз ифодасини топаётган амалий натижаси сифатида аҳамиятлидир.
Марказнинг тантанали очилиш маросимида Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов иштирок этиб, йиғилганларни янги масканнинг фойдаланишга топширилиши билан самимий муборакбод этди. Вилоят раҳбари Газлининг 70 йиллик тараққиёт йўли давомида шаҳар аҳолиси учун яратилаётган имкониятлар тобора кенгайиб бораётганини таъкидлаб, мазкур марказ хотин-қизларнинг меҳнат қилиши, касб эгаллаши ва даромад топиши учун янги имкониятлар очишини қайд этди. Шунингдек, марказ фаолиятини самарали ташкил этиш, хотин-қизларни тўлиқ касб эгаси қилиш, ўқишни тамомлаганидан сўнг уларни ишга жойлаштириш ёки тадбиркорликка йўналтириш бўйича масъулларга тегишли вазифалар белгилаб берилди.


Газлининг 70 йиллик юбилейи — шунчаки қутлуғ сана эмас. Бу — кечаги кунни сарҳисоб қилиб, эртанги кунга янада катта ишонч билан қадам қўйиш учун муҳим фурсат. Шаҳарнинг янги қиёфаси фақат обод кўчалар, замонавий бинолар ва янгиланган инфратузилма билан белгиланмайди. Ҳақиқий тараққиётнинг энг муҳим мезони — инсоннинг ўз ҳаётидан рози бўлиши, меҳнати қадр топиши, оиласи фаровонлиги ва келажагига ишонч билан қарашидир. Газлида хотин-қизлар учун барпо этилган янги марказ ана шу юксак мақсадга хизмат қилади. Бугун бу маскан эшигидан касб ўрганиш истагида кириб келган ҳар бир аёл эртага ўз қўли билан яратган маҳсулоти, ўз меҳнати билан топган даромади, ўз оиласига қўшган ҳиссаси билан жамият тараққиётига дахлдор инсонга айланади. Шу маънода, марказнинг очилиши — бир бинонинг фойдаланишга топширилиши эмас. Бу — юзлаб хотин-қизлар тақдирида янги саҳифа очилиши, оилалар учун янги даромад эшиклари очилиши, маҳалла ҳаётига янги иқтисодий нафас кириб келишидир.
Газлининг 70 йиллик тарихи унинг кечаги ютуқлари билан қадрли бўлса, келажак тарихи бугун яратилаётган имкониятлар билан ёзилади. Ва бу тарихда меҳнат қилаётган, касб ўрганаётган, тадбиркорликка қадам қўяётган хотин-қизларнинг ҳам ўз ўрни бор. Зеро, аёлга имконият берилса — бир инсон эмас, бир оила ўзгаради. Бир оила ўзгарса — маҳалла ўзгаради. Маҳалла ўзгарса — бутун шаҳар тараққий этади. Газлининг 70 йиллик юбилейи арафасида иш бошлаган ушбу марказ ана шу эзгу ўзгаришларнинг бошланиш нуқталаридан бири бўлиб қолиши шубҳасиз.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири