Газ тармоқлари янгиланмоқда
Ҳар қандай ҳудуд тараққиётининг муҳим мезонларидан бири аҳолининг коммунал хизматлар билан барқарор таъминланганидир. Айниқса, табиий газ таъминоти тизимининг ишончли фаолияти нафақат кундалик турмуш қулайлиги, балки иқтисодий барқарорлик ва ижтимоий хавфсизликнинг ҳам муҳим кафолати ҳисобланади. Шу маънода, Бухоро вилоятида амалга оширилаётган газ қувурлари тармоғини реконструкция қилиш ва модернизациялаш ишлари келажакка қаратилган стратегик аҳамиятга эга лойиҳалардан бири сифатида эътиборга лойиқ.
Сўнгги йилларда аҳоли сонининг ўсиши, янги уй-жой массивлари ва саноат объектларининг кўпайиши газ тармоқларига тушаётган юкламани янада оширди. Шу боис кўп йиллар давомида хизмат қилиб келган қувурларни босқичма-босқич янгилаш бугунги куннинг долзарб вазифасига айланган.
Айни пайтда Когон шаҳрининг Бунёдкор маҳалласи ҳудудидан ўтувчи диаметри 273 миллиметрли магистрал газ қувурини реконструкция қилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Режага мувофиқ мазкур қувурнинг қарийб икки километр қисми тўлиқ янгиланади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу тармоқ шаҳарнинг катта қисми учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, реконструкция ишлари якунланганидан кейин Когон шаҳри истеъмолчиларига табиий газни янада хавфсиз, босимни барқарор сақлаган ҳолда ва узлуксиз етказиб бериш имконияти кенгаяди.
Энг муҳими, янги қувурлар юқори босимга чидамли, коррозияга қарши ҳимояланган ҳамда замонавий хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб беради.
Пешку туманининг Чиғирчи маҳалласида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ерда аҳолини табиий газ билан ишончли таъминлаш мақсадида қувурлар қайта янгиланиб, ташқи муҳофаза қатлами ҳам тикланди.
Мутахассисларнинг маълум қилишича, туманда жорий йил давомида 14 километрдан ортиқ газ тармоғини модернизация қилиш режалаштирилган. Бу эса юзлаб хонадонларда газ босимининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Маҳаллада яшовчи фуқароларнинг айтишича, янгиланиш ишлари аҳоли томонидан мамнуният билан қабул қилинмоқда.
–Илгари қиш фаслида айрим пайтларда босим пасайиб қоларди. Энди қувурлар янгиланаётганини кўриб, келгуси мавсумларда бундай муаммолар бўлмаслигига ишончимиз ортмоқда, – дейди маҳалла фаоли Манзура Холова.
Ромитан тумани Боғитуркон маҳалласига қарашли Ҳазорбоғ қишлоғида ҳам ўрта босимли ер ости газ қувурини мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Диаметри 159 миллиметрли қувурнинг қарийб уч километр қисми модернизация қилиниши режалаштирилган. Ушбу лойиҳа нафақат мавжуд истеъмолчилар учун қулайлик яратади, балки келажакда ҳудуддаги янги қурилишлар ва аҳоли сонининг ўсиши учун ҳам етарли инфратузилма захирасини шакллантиради.
Газ таъминоти филиали масъул ходими Акмал Холовнинг фикрича, бугун амалга оширилаётган ишлар фақат қувур алмаштириш билан чекланмайди.
–Газ тармоқларининг модернизацияси нафақат бугунги эҳтиёжларни қондиради, балки келажакдаги ўсиш ва ривожланиш учун ҳам мустаҳкам пойдевор яратади. Вақтинчалик қазиш ишлари ёки ҳаракатдаги айрим чекловлар аҳолига маълум ноқулайлик туғдириши мумкин. Бироқ бу қисқа муддатли қийинчиликлар эвазига одамлар янада хавфсиз, ишончли ва замонавий газ таъминоти тизимига эга бўлади, –дейди у.
Мутахассислар фикрича, ҳар қандай коммунал инфратузилманинг умри чекланган бўлади. Вақт ўтиши билан металл қувурларда табиий эскириш жараёнлари кузатилади. Шу сабабли профилактика ва модернизация ишларини ўз вақтида амалга ошириш фавқулодда ҳолатларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Бугун қувурлар янгиланмоқда, ер қазилмоқда, махсус техникалар ишламоқда. Бир қарашда бу оддий қурилиш жараёнидек туюлиши мумкин. Аммо аслида ҳар бир метр янгиланган қувур ортида минглаб оилаларнинг хавфсизлиги, қишнинг совуқ кунларида хонадонларнинг илиқлиги, тадбиркорлик субъектларининг барқарор фаолияти
ва бутун ҳудуднинг иқтисодий тараққиёти турибди.
Замонавий инфратузилма бу фақат техник иншоот эмас, балки инсонлар ҳаёт сифатини белгилайдиган муҳим омилдир. Шу нуқтаи назардан қараганда, Бухоро вилоятида амалга оширилаётган газ тармоқларини модернизация қилиш ишлари ҳудуд ривожига хизмат қилаётган энг муҳим инвестициялардан бири ҳисобланади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири