Газ таъминотида узилиш бўлмайди
Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида истиқомат қилувчи 40 мингдан ортиқ табиий газ истеъмолчиларининг мавсумни беталафот ўтказиши ҳамда газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш мақсадида амалий ишлар натижадорлигига эътибор қаратилмоқда.
Соҳа мутахассислари томонидан 10 минг донадан ортиқ газ маромлаш қурилмалари тафтиш қилинди. Ҳимоя тўсиқлари билан ўралди. 72 километр газ қувурлари ҳаво босими ёрдамида тозаланди. 61 километрдан ортиғи эстетик жиҳатдан тартибга келтирилди.

– Жорий йилнинг август ойида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Республика истеъмолчиларининг табиий ва суюлтирилган газ таъминоти тизимининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори имзоланди, – дейди “Ғиждувонтумангаз” газ таъминоти бўлими бош муҳандиси Суннат Ҳасанов. – Ушбу қарор ижроси бугун Ғиждувонда ҳам таъминланмоқда. Энг кўп 11 та йирик ҳудудга ажратилган туманда бугун таъминот билан боғлиқ муаммолар босқичма-босқич бартараф этилмоқда. Кўп қаватли ва ҳовли жойларда истиқомат қилувчи аҳолини табиий газ билан бир маромда таъминлаш мақсадида амалий ишлар намунали ташкил этилди. Газ ҳисоблаш ускуналари ўрнатилиб, ҳимоя қутилари билан ўралди, ишга туширилди. Шубҳасиз, жараёнлар давомида модем қурилмалари ўрнатилиб, “Askugbalans” дастури орқали кузатиб бориш имконияти яратилди. 838 дан ортиқ газ маромлаш қурилмалари дастур асосида online тизимда назорат қилинмоқда. Аҳолига табиий газнинг аниқ ҳисобини чиқариб, шаффофликни таъминлаш асосий мақсад қилиб қўйилган бир пайтда, олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижаси ўлароқ ҳудудда бугун истиқомат қилувчи 40 мингдан ортиқ истеъмолчиларга бир маромда табиий газнинг етказиб берилишига эришилмоқда.

Бугун инсон фаровонлигини таъминлаш асосий мақсад экан, тизимда мавжуд муаммоларнинг ўз вақтида ҳал этилишига ҳам эътибор қаратилган. Зеро, мавсумнинг беталафот ўтказилиши учун қилинаётган амалий ишлар тумандаги 18 мингдан ортиқ хонадоннинг табиий газ таъминотининг янада яхшиланишига хизмат қилади.
Зариф Комилов,
ЎзА