Газ таъминотида муаммолар бўлмайди
Қашқадарё вилояти Китоб тумани аҳолисининг асосий қисми тоғли ҳудудларда яшайди. Қиш-қировли кунлар келиши билан ушбу ҳудудлар аҳолиси газ таъминотига ҳар қачонгидан-да кўпроқ эҳтиёж сезади.
Қашқадарё вилояти Китоб тумани аҳолисининг асосий қисми тоғли ҳудудларда яшайди. Қиш-қировли кунлар келиши билан ушбу ҳудудлар аҳолиси газ таъминотига ҳар қачонгидан-да кўпроқ эҳтиёж сезади.
Хўш, бу йилги қиш мавсумида аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш масаласи қандай ҳал этилади? Туман газ таъминоти корхонаси куз-қиш мавсумига тайёрми?
Шу саволларга жавоб топиш мақсадида “Ҳудудгаз Қашқадарё” масъулияти чекланган жамияти “Китоб туман газ” газ таъминоти филиалида бўлдик. Ҳудудга етиб борганимизда суюлтирилган газ билан тўлдирилган баллонлар ортилган махсус транспорт тоғли қишлоқлар аҳолисига газ тарқатиш учун жўнаб кетаётган экан.
– Жорий йилги қиш мавсумида аҳолига суюлтирилган газ етказиб беришда муаммолар бўлмайди, – дейди филиал раҳбари Насим Аҳмедов. – Боиси, аҳолига газ баллонлари тарқатиш учун етарлича махсус автомашина ва фонд олганмиз. Бундан ташқари, автомашиналарнинг қишлоқларга бориб-келиш харажатларини қисқартириш мақсадида айланма газ баллонлари ташкил қилганмиз. Яъни тўлдирилган газ баллон хонадонга топширилиб, бўшагани олиб қайтилади. Ҳозирги пайтда битта тўлдирилган газ баллондан фуқаролар ўртача 45-50 кун атрофида фойдаланмоқда. Шунингдек, филиалимизга тумандаги 18 та мактабгача таълим муассасаси қарайди. Уларга ҳам белгиланган жадвал асосида суюлтирилган газ етказиб бермоқдамиз.
Айтиш жоизки, “Китоб туман газ” газ таъминоти корхонаси тумандаги 59 та маҳалладаги 57 минг 132 та хонадонга хизмат кўрсатади. Бунинг учун 15 та махсус транспорт воситаси ажратилган. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 6 минг 546 тонна суюлтирилган газ аҳоли хонадонларига етказиб берилган. Филиал томонидан жами 45 минг 127 дона газ баллони ижарага тарқатилган.
– Суюлтирилган газ тўлдирилган баллонларни тарқатиш мобайнида газдан тўғри фойдаланиш тартиб-қоидаларини ҳам аҳолига мунтазам тушунтириб боряпмиз, – дейди филиал суюлтирилган газ бўлими етакчи мутахассиси Тимур Чориев. – Бундан ташқари, ҳафтада бир марта аҳоли кўп тўпланадиган озиқ-овқат деҳқон бозорларида радиоузел орқали ис газидан сақланиш чора-тадбирлари бўйича маърузалар ўқиб эшиттирилмоқда. Бўлимимизнинг ўзида айни пайтда 33 нафар ходим фаолият юритаётган бўлса, шундан 15 нафари малакали ҳайдовчилар. Чунки, қиш ойларида тоғ йўлида ҳаракатланиш жиддий қийинчиликлар келтириб чиқаради.
Ўша куни Тевабоши маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги қишлоқлар аҳолисига суюлтирилган газ баллонлари тарқатилди. Қишлоқ аҳолиси газ таъминоти корхонаси фаолиятидан мамнун.