Газ таъминотида муаммо бўлмайди
“Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти корхонаси томонидан 290 мингдан ортиқ истеъмолчи табиий ва 167 мингдан ортиғи суюлтирилган газ билан таъминланади. Уларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида тизимда мингдан ортиқ ходим фаолият олиб бормоқда.
Тизимда мавсумга тайёргарлик жараёнлари самарали ташкил этилса, газ таъминотида ҳам узилиш бўлмайди. Таъкидлаш лозим, куз-қишга тайёргарлик олиб борилаётган айни дамда айрим ҳудудларда газ қувурлари реконструкция қилинмоқда.

Бухоро тумани Работак ҳудудида олиб борилаётган амалий ишлар натижасида табиий газ билан боғлиқ муаммоларнинг олди олинадиган бўлди. 2 километрдан зиёд газ қувури реконструкция қилинди. Шунингдек, Бухоро шаҳар Шейхон маҳалласи 1,2,3,4,5 массивлар ва Бухоро тумани Кўчкўмар маҳалласида жойлашган аҳоли хонадонларининг табиий газ таъминотини яхшилаш мақсадида диаметри 530 ммли ўрта босимли ер ости газ қувури таъмирланмоқда. Жараёнлар газ таъминоти филиалининг Қурилиш ва монтаж бошқармаси ходимлари томонидан амалга оширилмоқда.

– Таъкидлаш лозим, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан 2024 йил апрель ойида тасдиқланган “Газ таъминоти тизимидаги газ тармоқларини 2024 йилда мукаммал таъмирлаш ва реконструкция қилиш манзилли дастури” га асосан Бухоро шаҳар Тўқимачилик маҳалласининг Мустақиллик кўчасидаги ер ости ўрта ҳамда паст босимли газ қувурининг 3,7 километр қисмини реконструкция қилиш ишлари режалаштирилган, – дейди “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали ходими Фаррух Тошев. – Бугунга қадар 2,7 километр қисмида қурилиш ишлари бажарилди. Жараёнлар давом этмоқда.

Маълумотларга кўра, мазкур реконструкция ишлари самарасида 1650 та истеъмолчилар хонадонида газ таъминоти янада яхшиланади.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири