Газ таъминотида муаммо бўлмайди
Навоий вилоятининг Конимех тумани маҳаллалари асосан чўл ҳудудларида жойлашганлиги боис аксарият қисмига табиий газ етиб бормаган. Бу эса аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлашни талаб этади. Бугунги кунда тумандаги 12 та маҳаллада 5 минг 971 та суюлтирилган газ истеъмолчиси мавжуд. Уларнинг олтитаси туман марказидан анча олисда жойлашган овул фуқаролар йиғини ҳисобланади. “Конимехтумангаз” газ таъминоти бўлими ходимлари томонидан чекка ҳудудларда жойлашган овулларда истиқомат қилувчи аҳолига ҳам ўз вақтида маиший газ баллонларини етказиб бериш чора-тадбирлари кўрилган.
Айни пайтда 2 дона “ISUZU” юк машинаси орқали ҳар куни 210 донадан газ баллонлар аҳоли хонадонларига етказиб берилмоқда. “Боймурод”, “Учтепа” овул фуқаролар йиғинлари туман марказидан 200-300 километр олисда жойлашган. Бу ҳудудларда суюлтирилган газ истеъмолчилари сони 1 минг 846 тани ташкил этади. Корхона ходимлари томонидан қишнинг совуқ кунларида ҳам ҳар 30-35 кунда овулда истиқомат қилувчи фуқароларга суюлтирилган газ режа-график асосида ўз вақтида етказиб бериляпти.

– Газ баллонларни кечиктирмасдан келтиришяпти, – дейди “Боймурод” ОФЙда истиқомат қилувчи Тинишбек Кенбаев. – Бундан албатта, хурсандмиз. Овулимиз туман марказидан анча олисда жойлашганига қарамай, суюлтирилган газни етказиб беришда ҳали бирор муаммога дуч келмадик.
Таъмирталаб аҳволга келиб қолган газ баллонлар эса соз ҳолатга келтирилмоқда. Албатта, нафақат марказда, балки чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган истеъмолчиларни суюлтирилган газ билан таъминлаш борасидаги бу каби ишлар аҳоли фаровонлигига хизмат қилаётганлиги билан аҳамиятлидир.

А.Бўриев, ЎзА