Газ баллон тадбиркор томонидан етказиб берилади
Шу йилнинг 27 июль куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган ёқилғи-энергетика тармоғидаги келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида аҳоли учун суюлтирилган газ таъминотига хусусий секторни кенг жалб қилиш вазифаси қўйилди. Бу борада дастлаб Андижон вилоятида янги тажриба жорий этилиши, кейинчалик республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам йўлга қўйилиши айтилди.
Бунда тадбиркорларга ўзи импорт қилган ёки биржадан харид қилган суюлтирилган газни аҳоли ва бизнес субъектларига етказиб бериш имконияти яратилади. Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга эса суюлтирилган газ хариди учун субсидия берилади.
– Аҳолига суюлтирилган газни ўз вақтида ва кафолатли етказиб беришда юзага келаётган муаммолар бундай қарорга келишга сабаб бўлди, – дейди “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали суюлтирилган газ таъминоти бўлими бошлиғи Маъруф Пардаев. – Вилоятимиз мисолида оладиган бўлсак, шу йил ёз ойларида суюлтирилган газ ишлаб чиқариш қувватларининг пасайиши, заводларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича техник жараёнлар амалга оширилиши сабабли белгиланган миқдордаги газ ололмадик. Натижада халқимизга маиший газ баллонлари етказиб бериш даврийлиги 45 кун ошиб кетди, Ургут, Булунғур, Иштихон туманларида 60-70 кунгача чўзилди. Табиийки, бу халқимизнинг эътирозларига сабаб бўлди, мурожаатлар сони кўпайди.
Бугунги кунда Самарқанд вилоятида 526 мингдан ортиқ истеъмолчи, жумладан, 429 та ижтимоий соҳа объекти бўлиб, уларга ойига 7729 тонна суюлтирилган газ етказиб беришимиз керак. Бунинг учун филиалга қарашли 6 та газ тўлдириш шохобчаси ва тадбиркорларга тегишли 5 та шохобчадан аутсорсинг асосида фойдаланяпмиз. 601 мингта маиший газ баллон тўлдирилиб, 130 та техника ёрдамида аҳолига айланма навбат тизими бўйича етказиб берилади. Шунингдек, ишлаб чиқариш корхоналаридан суюлтирилган газни темирйўл ва махсус автотранспортлар орқали ташиб келишда ҳам муаммо йўқ. Гап етарли миқдорда суюлтирган газ ажратиб берилишида. Аммо юқорида қайд этганимдек, бир неча ишлаб чиқариш ҳажми пасайиб кетгани сабабли белгиланган лимитдаги газни ололмадик. Август ойининг иккинчи ярми ва сентябрь ойидан лимит бўйича тўлиқ суюлтирилган газ олишни бошладик ва айланма график асосида етказиб бериш изга тушмоқда. Ой охирига қадар вилоят бўйича белгиланган режага тушиб оламиз.

– Айни пайтда Андижон вилоятида тажриба-синов тарзида қўлланилаётган ва кейинчалик юртимизнинг бошқа ҳудудларида жорий этиладиган янги тизимда тадбиркорларга ўзи импорт қилган ёки биржа орқали харид қилган суюлтирилган газни аҳоли ва бизнес субъектларига етказиб бериш имконияти яратилади, – дея сўзида давом этади М.Пардаев. – Ҳозирча бу тизим Андижонда яхши натижа бермоқда. Тўғри, нарх биз етказиб бераётган суюлтирилган газдан бироз қиммат, лекин аҳолига қулайлик яратилади. Етказиб бериш муддати билан боғлиқ муаммоларга барҳам берилди. Ҳозир истеъмолчи E-gaz платформаси орқали, бир ойлик муддатдан кейин газ баллон олиши мумкин. Янги тартиб бўйича бу чеклов бекор қилинади. Истеъмолчи эҳтиёжига қараб бир ойда икки марта ҳам баллон тўлдириб олиши мумкин. Агар тизим бутун республика бўйлаб жорий қилинадиган бўлса, албатта, бунинг ҳуқуқий асослари яратилади, аниқ механизмлар ишлаб чиқилади. Шуни ҳам айтиш керакки, суюлтирилган газ етказиб бериш тадбиркор томонидан амалга оширилганда аҳолининг эҳтиёжманд қатлами – ижтимоий ҳимоя реестрида турган фуқароларга давлат томонидан субсидия берилади.
Шунингдек, хонадонларнинг реал эҳтиёжидан келиб чиқиб, газ баллонлари ҳажмини табақалаштириш таклиф қилинмоқда. Суюлтирилган газни ташиш, сақлаш ва тарқатиш тизими хорижий тажриба ҳамда халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқилади.
Маълумотларга кўра, хусусий сектор томонидан жорий йил бошидан буён 157 минг тонна суюлтирилган газ импорт қилинган. Агар аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлашда янги тизим йўлга қўйиладиган бўлса, рақам янада ошиши, бозорда рақобат кучайиши мумкин. Бу эса табиийки нарх арзонлашиши, хизмат кўрсатиш сифати яхшиланишига хизмат қилади. Аслида, тизимни ислоҳ қилишдан кўзланган мақсад ҳам шу етказиб бериш тезкорлиги, хизмат сифати ва таъминот самарадорлигини ошириш.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири