Ғайратли кексалар спортда баҳслашди
Давлатимиз раҳбарининг кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш ва улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга доир тегишли қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда 26 июнь – “Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни” муносабати билан спорт мактабида маҳалла ва овуллардаги фаол кексалар ўртасида “Ғайратли кексалар” спорт мусобақасининг туман босқичи ўтказилди.

“Нуроний” жамғармаси Тўрткўл туман бўлими, туман спорт мактаби ва ҳамкор ташкилотлар томонидан ташкил этилган ушбу оммавий спорт байрамида 31 та фуқаролар йиғинидан 196 нафар нуроний иштирок этишди. Унда отахонлар шахмат, шашка, мини-футбол ва миллий кураш бўйича ўзаро куч синашдилар.
Якуний натижаларга кўра, фаол иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган нуронийлар Қорақалпоғистон Республикаси “Нуроний” жамғармасининг дипломлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Шунингдек, фаол иштирокчиларга ташкилотчилар томонидан “Ташаккурнома” топширилди.

Спорт турлари бўйича 1-ўринни эгаллаган энг ғайратли нуронийлар мусобақанинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритдилар.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири