Жаҳон чемпионати: Испания, Франция ва Кабо-Верде ва яна икки жамоа плей-оффда!
XXIII Жаҳон чемпионати плей-офф босқичининг навбатдаги қатнашчилари маълум бўлди.
Футбол бўйича XXIII Жаҳон чемпионатининг “G”, “H” ва “I” гуруҳларида гуруҳ босқичининг сўнгги тур учрашувлари якунланди. Натижада плей-офф босқичининг навбатдаги иштирокчилари номи маълум бўлди.
Дастлаб, “I” гуруҳида Франция терма жамоаси Норвегияни 4:1 ҳисобида мағлуб этди. Французлар сафида Усмон Дембеле хет-трик қайд этган бўлса, яна бир голга Дезире Дуэ муаллифлик қилди. Норвегиянинг ягона голини Тело Асгард киритди. Учрашувнинг 50-дақиқасида Норвегия пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бироқ, Ларсеннинг зарбасини Франция дарвозабони Майк Менян қайтаришга муваффақ бўлди.
Шу тариқа, Франция 9 очко билан гуруҳ ғолиби сифатида, Норвегия эса 6 очко билан иккинчи ўринни эгаллаб, плей-офф босқичига йўл олди.
Гуруҳнинг яна бир учрашувида Сенегал Ироқни йирик — 5:0 ҳисобида мағлуб этди. Голларга Хаби Диарра, Исмоил Сарр, Папе Гуе (дубль) ва Илиман Ндиайе муаллифлик қилди. Ушбу ғалабадан кейин Сенегал 3 очко билан гуруҳда учинчи ўринни эгаллади ва энг яхши учинчи ўрин соҳиблари қаторида плей-оффга чиқиш имкониятини сақлаб қолди. Ироқ терма жамоаси эса учрашувларни очкосиз якунлаб, мусобақани тарк этди.

“H” гуруҳида Испания терма жамоаси Уругвай устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, 7 очко билан биринчи ўринни эгаллади ҳамда кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритди. Учрашувдаги ягона голни 42-дақиқада Алекс Баэна киритди. Унинг зарбасини Уругвай дарвозабони Фернандо Муслера қайтариб қола олмади. Иккинчи бўлим бошланишида Муслера ўрнига Серхио Рочет майдонга туширилди. Уругвайлик Агустин Каноббио эса қўшимча вақтнинг 5-дақиқасида қизил карточка олиб, майдонни тарк этди.
Гуруҳнинг иккинчи ўрнини Кабо-Верде эгаллади. Африка вакили учала учрашувини ҳам дуранг билан якунлади. Сўнгги турда жамоа Саудия Арабистони билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади. Шу тариқа, Кабо-Верде ўз тарихида илк бор Жаҳон чемпионати плей-офф босқичига йўл олди.
Дарвоқе, Уругвай ва Саудия Арабистони терма жамоалари 2 тадан очко тўплаб, мусобақа билан хайрлашди.

“G” гуруҳининг 3-тур учрашувлари якунланиб, мазкур квартетдан плей-офф босқичига йўл олган жамоалар номи аниқланди.
Бельгия терма жамоаси Янги Зеландияни 5:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Ушбу баҳсда Леандро Троссард дубль муаллифи бўлган бўлса, Кевин Де Брёйне, Алексис Салемакерс ва Ромелу Лукаку ҳам номини таблога муҳрлади. Янги Зеландиянинг ягона голига Элайжа Жаст муаллифлик қилди.
Гуруҳнинг иккинчи учрашувида Эрон ва Миср терма жамоалари 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Беллашувда дастлаб Маҳмуд Собир ҳисобни очган бўлса, 14-дақиқада Рамин Ризоян жавоб голини киритиб, мувозанатни тиклади.
Шу тариқа, Бельгия ва Миср 5 очкодан жамғариб, кейинги босқичга йўлланма олди. Эрон 3 очко билан учинчи ўринни эгаллаган бўлса, Янги Зеландия 1 очко билан мусобақани тарк этди.
Айни пайтда, Эрон терма жамоаси энг яхши учинчи ўрин соҳиблари қаторида плей-офф босқичига чиқиш имкониятини сақлаб қолмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА